3 минг 978 нотинч оила ярашди
Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг вазирликнинг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилганлиги аҳолининг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва бу борада аниқ манзилли иш ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга янгича мазмун бахш этди.
Вазирлик томонидан “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим амалиётга самарали жорий этилгани ва бу борада ҳар бир вилоят, туман (шаҳар) ҳамда юртимиздаги 9 минг 155 та фуқаролар йиғинининг ўзига хос муаммоларидан келиб чиққан ҳолда тегишли “Йўл харита”лари ишлаб чиқилгани белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
Вазир ўз ахборотида соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида амалиётга жорий этилган фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими натижаларига тўхталиб ўтар экан, бу борада жорий йилнинг 6 ойи якунлари натижаларига кўра, жойлардаги Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда 9 минг150 та фуқаролар йиғини орасида 1 минг 322 та фуқаролар йиғинининг фаолияти “намунали”, 3 минг 613 таси “яхши”, 3 минг 478 таси “қониқарли” ва 742 таси “қониқарсиз” баҳо асосида таснифланганлигини таъкидлади.
Қолаверса, фуқаролар йиғини раиси лавозимларига ҳудудлардаги ташаббускор ёшларни сайлаш бўйича амалиёт Наманган вилояти мисолида эксперимент сифатида ташкил этилганлиги ўзининг ижобий натижасини кўрсатганлигини билдирди.
Бундан ташқари, хотин-қизлар масалаларига алоҳида тўхталиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларнинг жамият ва оиладаги ўрни ва ролини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари – вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳокимнинг ўринбосари мақомига тенглаштирилганлигига урғу берилди.
Нуронийлар иштирокида маҳаллалардаги 3 минг 978 та нотинч оила яраштирилгани, 3 минг 784 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобдан чиқарилгани, спиртли ичимликка ружу қўйган 2минг 668 нафар шахснинг бундай иллатдан халос бўлишига ёрдам берилди.
Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш, юртимиздаги ҳар бир хотин-қизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун, энг аввало, оила тинч бўлиши, аёлнинг маиший муаммоларига тўла ечим топа олиш зарур. Шу ўринда оилавий ажримларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда маҳалла фаоллари аҳоли орасида оила муқаддаслиги бўйича тарғиботни кучайтириши, никоҳнинг ҳуқуқий асосларини кенг тарғиб қилишга эътиборни қаратиши зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама давомида маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишда профилактика инспекторларининг ўрнига ҳам тўхталиб ўтилди. Айтиб ўтилганидек, вазирлик ташкил этилгач, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида профилактика инспектори лавозими бўйича қўшимча 2 минг 753 та штат бирлиги жорий этилди ва барча маҳаллаларда улар фаолияти йўлга қўйилди. Аммо жиноят содир этилиши бўйича баъзи ҳудудларда аҳвол ҳали жиловланмаганлиги сабабли ҳудудларда “маҳаллабай” дастурлар ишлаб чиқиш зарурлиги билдирилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА