Бугун Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида Токио олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, уларнинг мураббийлари ва спорт федерацияси мутасаддиларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлаб, 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган ёзги олимпия ўйинларига ҳозирдан тайёргарлик кўриш асосий вазифа эканлигини айтиб ўтди, дея хабар тарқатди olympic.uz сайти.
Эсдалик нишон билан тақдирланган олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари Баҳодир Жалолов, Акбар Жўраев, Улуғбек Рашитов, Давлат Бабонов, Бекзод Абдураҳмонов, уларнинг мураббийлари, Ўзбекистон дзюдо ва бокс федерацияси мутасаддилари Токио-2020 ўйинларидаги жараёнларни ёдга олишиб, 2024 йилги ёзги олимпия ўйинларигача ўтадиган жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Осиё ўйинлари каби йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиш хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Т. Рўзиев,
ЎзА