"Фориш" тоғ полигонида ўтказилаётган «АрМИ – 2021» Халқаро армия ўйинлари дастуридаги «Дала ошхонаси» йўналишида «Таом тайёрлаш» шартининг биринчи босқичи, яъни «Берилган озиқ-овқат маҳсулотларидан эркин таом тайёрлаш» мусобақаси ўз якунига етди.
Унда жамоалар берилган маҳсулотлардан 4 соат давомида товуқ ва мол гўштли таом, газак ҳамда шарбат тайёрлаб, ўзларининг истеъдод ва маҳоратини намоён этишди.
Ушбу жараёнларда ҳарбий ошпазларнинг 20 кишига мўлжаллаб таом тайёрлаши, санитар гигиена талабларига риоя этиши, таомнинг кўриниши, таъми ва ҳиди, безатилиши ҳамда таомнинг оғир ёки енгил тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу босқич якунида жамоаларнинг тайёрлаган тоамлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, қуйидаги натижалар қайд этилди:
1. Ўзбекистон Республикаси – 188 балл;
2. Россия Федерацияси – 176 балл;
3. Беларусь Республикаси – 151 балл;
4. Тожикистон Республикаси – 139 балл;
5. Вьетнам Социалистик Республикаси – 137 балл.
Жамоалар эртага, 26 август куни балиқ маҳсулотларидан таом тайёрлаш борасида ўзаро беллашадилар.
Отабек НОРБОЕВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими.