Президентлик сайловларида номзод кўрсатиш, номзодларни рўйхатга олишдан кейинги яна бир муҳим босқич, бу – сайловолди ташвиқотини амалга ошириш ҳисобланади.
Чунки сайловолди ташвиқот, аввало, Президентликка номзодларнинг шахси, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён қилишга, шунингдек, сайловчиларни номзодлар дастурларининг асосий йўналишлари, мазмун-моҳияти ва келгусидаги режалари билан яқиндан таништиришга, айни чоғда, сайловчиларни номзод учун овоз беришга ишонтиришга қаратилган муҳим восита бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам барча демократик давлатларда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам сайловлар жараёнида сайловолди ташвиқоти босқичига алоҳида эътибор берилади.
Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Сайлов кодексининг 45-моддасида ташвиқот олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари белгилаб қўйилган. Сайловолди ташвиқотини амалга ошириш тури — номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш, номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатади.
Сайловолди ташвиқотининг шакллари — омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш кабиларни келтириш мумкин.
Сайловолди ташвиқотининг усулларига — оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи), босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чоп этиш ҳамда тарқатиш, ўтказишни келтириш мумкин.
Марказий сайлов комиссияси ҳар бир номзод ҳақида холис дастур ва ахборот аҳамиятига эга бўлган плакатлар, варақаларни тайёрланишини ҳамда тегишли (сайлов комиссиялари) биноларда жойлаштирилишини таъминлайди. Бундан ташқари, бошқа тегишли кўргазмали ташвиқот материалларини ҳам бериши мумкин.
Юқорида кўрсатилган ташвиқот олиб бориш турлари, шакллари ва усулларидан қанчалик кенг ҳамда тенг имкониятлар яратилиб фойдаланилса сайлов кампанияси тўлиқ ўзини намоён этади.
Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кўра, номзодларнинг автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ахборот материаллари сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмаслиги алоҳида белгиланди.Шунинг учун ҳам сайловга бир кун қолганда ва сайлов куни ушбу материаллар олиб қўйилмайди.
САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИНИ ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ
Сайлов кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинган. Ушбу қонунчилик ҳужжатлари сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибини белгилаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади.
Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тугайди. Шунга мувофиқ, бизнингча сайловолди ташвиқоти 2021 йил 23 октябрга қадар давом этади.
Президентликка номзодлар, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар ўзларининг келгуси фаолият дастурлари билан сайловчиларни таништирадилар ва шундан келиб чиққан ҳолда тегишли овозларга эга бўладилар. Бу борада ташвиқот олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари, ташвиқотни оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш, ташвиқотни босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб бориш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот олиб бориш билан боғлиқ масалалардан яхши хабардор бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида номзодлар 15 нафаргача ишончли вакиллар олишлари мумкин. Ишончли вакиллар номзодларга кўмаклашадилар, шунингдек, сайловолди ташвиқотини олиб боришда ҳам фаол қатнашадилар.
САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИНИ КИМЛАР ОЛИБ БОРОЛМАЙДИ?
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
сайлов комиссиялари аъзоларининг;
диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти даврида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
ТАШВИҚОТНИ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ОРҚАЛИ ОЛИБ БОРИШ
Республикамизда кўплаб оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ўтган сайловларда (2019 йил 22 декабрь)Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси ва унга аъзо 50дан ортиқ телерадиостанция томонидан сайлов тарғиботи бўйича жами 5 890 дан ортиқ телерадио маҳсулот тўғридан-тўғри эфирга узатилган.
Таъкидлаш лозимки, сайловларнинг очиқ ва ошкора олиб борилишини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик келишувлари амалга оширилади. Сайлов кампаниясини тегишли аккредитациядан ўтган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари бевосита ёритиб бориши мумкин.
Маълумки, давлат оммавий ахборот воситалари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда номзодларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имконият ҳамда шароитлар яратиб беради.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги қонуни асосида Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Бу борада Марказий сайлов комиссияси қарорида қуйидагилар белгилаб берилади:
эфир вақти ёки чоп этиш майдони бепул тақдим этиладиган давлат оммавий ахборот воситалари рўйхати;
сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун номзодларга давлат теле- ва радиоканалларида бепул тақдим этиладиган эфир вақти ҳажми, шунингдек улар эфирига узатиладиган вақт;
сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун номзодларга давлат (республика ва маҳаллий) нашрларида бепул тақдим этиладиган чоп этиш майдони ҳажми, шунингдек улар босилиб чиқадиган кунлар;
сайловолди ташвиқоти даврида номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқиш навбати.
Давлат оммавий ахборот воситаларида бепул тақдим этиладиган эфир вақти ва чоп этиш майдони ҳажми ҳамда вақти тегишли оммавий ахборот воситалари билан олдиндан келишиб олинади.
Давлат теле- ва радиоканалларида ажратиладиган бепул эфир вақти, қоида тариқасида, энг кўп аудитория қамраб олинадиган вақтга тўғри келиши лозим.
Тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Нотўғри ахборотни, номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат хусусий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади.
ТАШВИҚОТНИ БОСМА, КЎРГАЗМАЛИ ВА БОШҚА ТАШВИҚОТ МАТEРИАЛЛАРИНИ ЧИҚАРИШ ҲАМДА ТАРҚАТИШ ОРҚАЛИ ОЛИБ БОРИШ
Номзодларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратиб берилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.
Кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини тарқатиш учун барча туманлар ва шаҳарлар бўйлаб ҳар бир номзод учун ташқи реклама воситалари ажратилди.
Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак. Жумладан;
сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаган юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақида бошқа маълумотлар (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
сайловолди ташвиқоти материалларига буюртма берган юридик шахс номи (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
сайловолди ташвиқоти материаллари нусхасининг сони, чиқарилган санаси ҳақидаги ахборот.
Сайловолди ташвиқоти материаллари хоналарга, биноларга, иншоотларга ва бошқа объектларга осиб қўйилиши мумкин.
Ҳайкалларга, ёдгорликларга, шунингдек сайлов комиссияси жойлашган биноларга, овоз бериш хоналарига босма сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш тақиқланади.
Сайловолди ташвиқотининг аҳамияти шундаки, биринчидан, сайлов жараёнларида қатнашаётган сиёсий партияларнинг сиёсий платформаси ва номзодлар сайловолди дастурининг мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказишга хизмат қилади, иккинчидан, сайловчиларнинг ҳар бир овозини ўзига жалб қилиш учун номзодларнинг имкониятларини оширади, учинчидан, сайлов жараёнлардаги курашни очиқ ва ошкоралигини таъминлайди.
Олим Нарзуллаев,
ТДЮУ