Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ полигонида ўтказилаётган «АрМИ-2021» Халқаро армия ўйинларидаги «Дала ошхонаси» йўналишининг илк босқичи, яъни «Отиш тайёргарлиги» баҳслари ўз якунига етди.
Ушбу шартда ҳар бир жамоадан 4 нафардан ҳарбий ошпаз АК-74 қуролидан 10 дона ўқни 100 метр масофадаги нишонларга қарата отди.
Жараён мусобақа бош ҳаками полковник Одил Ҳамидов бошчилигидаги халқаро ҳакамлар бригадаси ҳамда хорижий давлатлар делегациялари раҳбарларининг бевосита кузатуви асосида адолатли ва шаффоф тарзда бўлиб ўтди.
Мамлактимиз шаънини ҳимоя қилаётган жамоамиз аъзоси кичик сержант Давлат Ҳасанов 96 балл билан мусобақанинг ушбу баҳсларидаги энг юқори натижани қайд этди.
«Отиш тайёргарлиги» баҳсларининг якунига кўра иштирокчилар умумжамоа ҳисобида қуйидаги натижаларни қайд этишди:
1. Ўзбекистон Республикаси – 89,5 балл;
2. Ветнам Социалистик Республикаси – 80 балл;
3. Россия Федерацияси – 70 балл;
4. Беларус Республикаси – 63 балл;
5. Тожикистон Республикаси – 21,5 балл.
Эндиликда, ҳарбий ошпазлар таом тайёрлаш борасида ўзаро беллашишади.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти