23 август куни Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Ҳарбий-тиббий эстафета”нинг “Шахсий маҳорат” беллашувлари бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Унда иштирокчи жамоалар вакиллари – кичик ва ўрта тиббиёт ҳамда врач мутахассислар эркаклар ва аёллар гуруҳларига бўлинган ҳолда ўзларига бириктирилган қуроллар, яъни АК-74 автомати ва ПМ-9 пистолетидан нишонларга якка тартибда отиш бўйича мерганлик маҳоратини синовдан ўтказдилар.
Мусобақалар халқаро ҳакамлар томонидан ҳамда хорижий давлатлар делегациялари раҳбарларининг бевосита кузатуви асосида шаффоф тарзда бўлиб ўтди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси жамоаси вакиласи – мутахассис-фельдшер, кичик сержант Амина Мамедова энг юксак натижа кўрсатиб, АК-74 қуролидан отиш бўйича 193 балл тўплади ва янги рекордни ўрнатди. Аввалги рекорд 185 балл бўлиб, 2019 йилда ўрнатилган эди.
ПМ-9 пистолетидан ўқ отиш бўйича аёллар ўртасида ўтказилган баҳсларда Хитой Халқ Республикаси вакиласи, врач лейтенант Фу Фэй ҳам 184 балл тўплаб, аввалги рекордни янгилади. Мусобақанинг мазкур шарти бўйича сўнгги рекорд натижа 176 балл бўлиб, уни 2018 йилда Россия Федерацияси жамоаси вакиласи ўрнатган эди.
Умумжамоа ҳисобига кўра, “Шахсий маҳорат” беллашувида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи, Россия Федерацияси иккинчи, Хитой Халқ Республикаси учинчи ўринларни қайд этишди.
ЎзА