Жорий йил 23 август куни Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Лойиҳанинг мақсади – 2021 йилга мўлжалланган COVID-19 бўйича тезкор жавоб беришнинг ихтисослаштирилган комплекс дастурини Ўзбекистонда амалга оширишдир.
Дастурнинг вазифаси ҳақида айтадиган бўлсак, тиббиёт ходимларининг юқумли касалликларга қарши курашиш ва олдини олиш, ишсизларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш, аҳолининг заиф қатламларига ёрдам кўрсатиш ва зарур асбоб-ускуналар билан таъминлашни ўз ичига олади.
Таъкидлаб ўтамиз, ушбу дастур ўтган йили Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашиш учун 5 миллион долларлик бюджет билан тезкор чора-тадбирлар дастурининг давоми ҳисобланади. Унинг доирасида бугунга қадар KOICA ваколатхонаси шерик ташкилотлар билан биргаликда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпти.
Вирус тарқалишининг олдини олиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ютуқларни янгилаш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарур. Бунинг учун KOICA ташкилотининг вазирликлар ва давлат идораларидаги вирусга қарши жавоб дастури ва бошқа лойиҳалар орқали берилаётган ёрдами пандемияга қарши курашишда катта имконият тақдим этди.
Дастурни амалга ошириш учун қўшимча 5 миллион доллар ажратилган бўлиб, унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология фаровонлиги ва соғлиқни сақлаш хизмати, Тошкент тиббиёт маркази ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қуйидаги компонентларни амалга оширади:
– Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича бошқарув салоҳиятини кучайтириш;
– Юқумли касалликлар диагностикаси лабораториялари сифатини назорат қилиш тизимини яратиш;
– Юқумли касалликлар мониторинги ва эмлашнинг миллий тизимини яратиш;
– Коронавирус билан боғлиқ тадқиқотлар;
– Тиббий марказларга кислород генераторларини етказиб беришни молиявий қўллаб-қувватлаш.
– Aҳолининг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш.
Маълумот ўрнида, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) 1991 йилда давлат муасассаси сифатида ташкил этилган бўлиб, Корея Республикаси ҳукуматининг грант ёрдам дастурларини тақдим этишга кўмаклашади. Ташкилот қашоқликка қарши кураш ва шерик мамлакатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.
Беҳруз Худойбердиев