Маҳоратли боксчимиз Баҳодир Жалолов 4 август куни ўз ғалабаси билан миллионлаб мухлисларимизга кўтаринки кайфият улашди.
Шубҳасиз, Олимпия ўйинларида барчамиз ундан олтин медаль кутиб турибмиз. Буни боксчимизнинг ўзи ҳам ният қилиб турибди ва шу эзгу мақсади сари дадил қадам ташламоқда. Боксчимизнинг ярим финал жангидан кейинги таассуротлари ва финал олдидан фикрлари билан қизиқдик. Баҳодир бунга қуйидагича жавоб берди:
–Бутун Ўзбекистон жангимга қараб турибди. Ҳаяжон ҳар қачонгидан кучли бўлди. Рақибим ҳам катта тажрибага эга боксчи эди. Рингда боримни бериб ҳаракат қилдим ва чемпионлик сари яна бир қадам ташладим. Худо хоҳласа, финалда ҳам яхши жанг қилиб, мамлакатимизга яна бир олтин медални тақдим қилишга ҳаракат қиламан. Барчасини ринг ҳал қилади. Аввалдан ҳеч нарса дея олмаймиз.
Мураббийларим билан бу рақибга ҳам тактик томондан тайёрланиб, рингга чиқаман. Бўлажак жангда ўз ишимни қила олсам, ғалаба қозонишимга ишонаман. Барчаси Аллоҳдан. Янги Ўзбекистонга олтин медаль тақдим қилиш учун боримни бераман, – деди Баҳодир Жалолов.
Баҳодир Жалоловнинг финал жангида унга фақат ва фақат омад тилаб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, америкалик Ричард Торрес билан кечадиган баҳс 8 август куни Тошкент вақти билан соат 11:15 да бошланади.
ЎзА