
Афғонистоннинг қарийб 18 миллион фуқароси оғир гуманитар инқироз билан юзма-юз турибди. Ariana News нашрининг ёзишича, бу ҳақда чоршанба куни Афғонистонни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ миссияси (МООНСА) раҳбари Дебора Лайонс Кобул шаҳридаги президент саройида ҳукумат билан учрашув пайтида маълум қилган.
«Мен толибларнинг кўп жойларни эгаллаб олгани ҳақида сўзламоқчи эмасман. Тўғри, бу ҳам жуда катта хавотир уйғотмоқда, бироқ 18 миллион афғонларнинг ҳозирда гуманитар инқироз қаршисида тургани янада хавотирлидир. Бу ўтган йилдагига нисбатан икки баробарга кўп, яъни, мамлакат аҳолисининг ярмини тапшкил этади. Бу одамлар ҳозир коронавирус пандемиясининг тўртинчи тўлқинини бошдан кечирмоқда, улар узоқ давом этаётган қурғоқчилик ҳамда ҳарбий қарама-қаршилик кучайган бир шароитда кун кечирмоқда. Яқинда тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича эълон қилган ярим йиллик ҳисоботимизда ўтган ярим йилда ҳар қачонгидан ҳам кўп одамлар қурбон бўлгани ҳақда ёзган эдик. Бунда жавобгарлик асосан “Толибон” ҳаракати зиммасига тушади”.
«Лайонснинг фикрича, энг хавотирли томони ҳукуматнинг чегара пунктларида назоратни йўқотгани бўлмоқда. Ҳозирда “Толибон” ҳаракати назорати остига ўтган чегара пунктлари ўтган йили бюджет тушумининг учдан бирини берган эди».
«Халқаро донорлар Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр, бироқ бунинг учун мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши ва гуманитар ёрдам кўрсатувчи ташкилотларга мамлакатнинг барча туманига боришга имкон яратилиши керак», — дея таъкидлади Лайонс.