
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 6 май куни чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур масала кўтарилгач, бу борадаги ишларни жадаллаштириш чоралари кўрилди.
Мазкур соҳада ишни тизимли ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар эълон қилинди.
Ҳар бир мактаб битирувчиси иккита хорижий тилни мукаммал билиши лозимлиги қайд этилди. Халқаро талабларга жавоб берадиган дарсликлар ва методикаларни жорий этиш, ОТМларда ихтисослик фанларни хорижий тилларда ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимларга тайинлашда хорижий тилни билишни мажбурий талаб сифатида қўллаш, хорижий тилни чуқур биладиган ходимларга қўшимча устама тўлови жорий этиш белгиланди.
Бу каби ҳаракатлар педагогларнинг, хусусан, умумтаълим мактабларида дарс берадиган ўқитувчиларнинг ўз фанига оид билимларини мустаҳкамлаш билан бирга хорижий тилларни билиши кераклигини тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Мазкур Меморандум хорижий тилларни ўрганиш соҳасини янада ривожлантириш мақсадида замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тилларни оммалаштириш ва илмий тадқиқотлар соҳасига қаратилган ҳамкорлик тадбирларини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.

- Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари соҳа такомиллашувида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда,- дейди Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори в.в.б. Санжар Обидов.- Беш йилга мўлжалланган ушбу ҳамкорлик асосида хорижий тилларни ўргатишни устувор йўналиш сифатида ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим сифатини тубдан ошириш, соҳага малакали педагогларни жалб этиш, уларни касбий ривожлантириш учун ўқувлар ташкил этилади.
Хорижий тилларни билиш муҳим аҳамият касб этгани боис, келгусида қўшма дастурлар, Халқ таълими ўқитувчи ва тренерлари учун ўзаро лойиҳалар ва тадбирлар, семинарлар, тренинглар, маҳорат дарслари, веб-конференцияларни амалга ошириш ва хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш чоралари кўрилади.
Айни жараёнга хорижий тиллар бўйича тренерлар, экспертлар ва мутахассислар жалб қилинади.
Мутахассислик бўйича дарс берувчи ўқитувчилар учун даражали интенсив хорижий тил курслари ташкил этилади.
- Ҳаракатлар стратегияси ва Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича республика ва халқаро миқёсдаги конференция, семинар, тренинг, давра суҳбатлари, форум ва бошқа тадбирларни ташкил этишда малакали мутахассислар иштироки таъминланади,- А.Авлоний илмий-тадқиқот институти директори А.Раджиев.- Бу таълим тизимига эътибор қаратиб, педагоглар маҳоратини ошириш, келажак авлодни тарбиялашда салоҳиятли, кучли билимга эга мутахассисларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашади.
Хорижий тилларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатиш жараёнида томонларнинг ҳамкор сифатида ажратилган маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар асосида жамғарилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
Муҳими, асосий мақсад, хорижий тилларни чуқур билган, салоҳиятли кадрларни тайёрлашдир. Келгусида ҳамкорликдаги тадбирлар кўлами янада кенгаяди.
Б.Мелиқулова, ЎзА