
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган ўзаро келишган ҳолда ва амалий руҳда ташқи сиёсатни юритишга алоҳида эътибор қаратилган.
Кейинги йилларда Президентимиз томонидан давлатлар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни яхшилаш, мамлакатлар ўртасида тинчликни таъминлаш, дўстлик ва ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишда самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ишларнинг узлуксиз давоми сифатида давлатлар ўртасида алоқани янада ривожлантиришда жорий йил 16 июль куни Тошкент шаҳрида Президентиизнинг ташаббуси билан «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлиқ. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Жаҳоннинг қирқдан ортиқ давлати ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот марказларининг раҳбарлари, экспертлар иштирок этган халқаро конференцияда Президентимиз Ш.Мирзиёев минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва трансчегаралараро жиноятчиликка қарши курашиш, савдо-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишда қўшма дастурларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари минтақада илм-фан, таълим, технология ва инновация соҳасида ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор каратиб, бу борада қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба алмашишни йўлга қўйишда олимлар, изланувчилар учун имтиёзли виза тартибини ҳаётга жорий қилиш кераклигини таъкидлади.
Албатта, Президентимиз томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақалар ўртасидаги дўстлик алоқаларини янги босқичда давом эттиришда тарихий қадам бўлади.
А.Аяпов,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти
Нукус филиали директори, филология фанлари номзоди.
ЎзА