Жиззах вилояти Мирзачўл тумани “Ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Севинч Тинчликова спортнинг универсал жанг тури бўйича Украина давлатида ўтган дунё биринчилигида барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Хорижда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган оддий қишлоқ қизини туман ҳокими Ш.Аҳмедов, туман туризм ва спорт бўлими мутасаддилари, Севинчнинг яқинлари муносиб кутиб олди.
Севинч Тинчликова 2004 йилда 4 ноябрда Мирзачўл туманида таваллуд топган. У 1-8 синф таҳсилини ўзи туғилиб ўсган “Ипак йўли” ҚФЙдаги 4-сонли умумтаълим мактабида олди.
Жаҳон чемпиони бўлган бу қизнинг отаси Бозорбой Ҳакимқулов қурувчи, қизбола бўлсада спорт билан шуғулланишга қаршилик қилмай аксинча, қўллаб-қувватлаб турган онаси Дилафруз Ҳакимқулова уй бекаси, акаси Жахонгир Тинчликовнинг спорт жону-дили, у ҳозирда Тошкент шаҳрида қўриқлаш хизматида ишлайди. Синглиси Лайло, Севинч таҳсил олган 4-умумтаълим мактабининг 7-синфида ва укаси Умиджон эса 2-синфида ўқийди. Ҳар иккиси ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиб келади.
Севинч ҳозирда Жиззах шаҳридаги “Келажак лочинлари” номли ҳарбийлаштирилган мактабнинг 11-синфига ўтди. У ушбу муассасадаги устози Зафар Собиров қўл остида 4 йилдан буён спортнинг универсиал жанг тури билан шуғулланиб келаяпти.
Айни пайтда, ўқувчилар ёзги таътилда бўлсада, Севинч ва унинг жамоадошлари мураббийи Зафар Собиров билан жорий йилнинг августь ойида Қирғистон Республикасида ўтиши режалаштирилган навбатдаги жаҳон чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
– Жаҳон чемпиони бўлиш қийин, лекин уни сақлаб қолиш икки баробар қийинроқ, – дейди Севинч Тинчликова. – Орзуим – Президентимиз томонидан биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, олий ўқув юртига йўлланма бериладиган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиш ва Тошкент юридик университетига ўқишга кириш. Келгусида етук ҳуқуқшунос бўлиб, жамиятимиз равнақига муносиб ҳиссамни қўшиш, инсонийлик вазифаларимни сидқидилдан бажаришдир.
Хуршида Шербекова,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
Мирзачўл туман кенгаши раиси.
ЎзА