Ўзбекистонда Pro лицензияга эга бўлганлар сони яна 24 нафарга ортади, бу дегани, шунча мураббий-мутахассисимиз нафақат мамлакатимиз, балки хорижий клубларда ишлаш имкониятига ҳам эга бўлади.
Мамлакат юзи – бу миллий терма жамоанинг халқаро нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиш. Терма жамоанинг қай мавқега эга эканлиги эса асосан миллий чемпионат савиясига боғлиқ. Чемпионатнинг зўр бўлиши эса талаб даражасидаги шароит билан бирга футболчи ва мураббийнинг маҳоратига боғлиқ. Футболчи ном қозониши учун ўзи устида ишлаш билан бирга тажрибали, салоҳиятли мураббий ўгитини олиши лозим. Мураббийнинг юқори тажрибага эга бўлиши кўп жиҳатдан у оладиган таълим ва кўникмаларга боғлиқ.
Футболимизда болалар футболидан то миллий терма жамоа мураббийларигача босқичма-босқич ўқув-машғулотлар, семинарлар, лицензиялар тақдим этувчи курсларда ўз билимларини оширишади. Бу борада «С», В» ва «А» лицензиялари мураббийларнинг профессионаллашиб боришида муҳим роль ўйнайди. Лицензияларнинг энг юқориси эса PROдир. Собиқ Иттифоқ даврида иттифоқ миқёсида ушбу лицензияга эга бўлган футбол фахрийларимиз кўпчиликни ташкил этмайди. Лекин миллий чемпионатимизга асос солинган йиллардан то шу кунларгача бунақанги ҳужжатга эга бўлган мутахассисларимиз юз нафарга яқинлашди. Айни пайтда ҳам Pro лицензия учун таълим жараёни бошланган.
Тошкент шаҳрида 17 июндан 4 июлгача ОФКнинг Pro дипломи учун мураббийлик курсларининг 1 ва 2-модули бўлиб ўтди. Ушбу курсда йўриқчилик вазифасини грузиялик Гаиос Дарсадзе бажарди. Унга ҳамюртимиз, ФИФА йўриқчиси Ислам Aҳмедов ва Усмон Тошев ассистентлик қилди. Координатор сифатида эса Aртур Бабажанов ишлади.
Ўқув курси давомида 24 нафар мураббийга назарий ва жисмоний машғулотлар ўргатилди. Таъкидлаш жоизки, курсда ҳамюртларимиз билан бир сафда Буюк Британия, Япония, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан ҳам «талабалар» таълим олмоқда. Мураббийлар орасида уч нафар аёллар футболи вакилларининг ҳам борлиги бу соҳага берилаётган эътибордан далолат.
Aйтиб ўтиш лозим, имтиҳонларни муваффақиятли топширган номзодлар 3 йилга мўлжалланган ОФКнинг мураббийлик бўйича Pro дипломини қўлга киритишади. Бунинг учун мураббийларимиз сентябрь, январь, февраль ва май ойларига белгиланган яна тўртта модулда таълим олишлари талаб этилади.
Демак, Pro лицензия учун ўқиётган мураббийлар:
1.Виктор Карпенко – «Бунёдкор»
2.Асрор Алиқулов – «Шўртан»
3.Тимур Кападзе – «Олимпик»
4.Тимур Турдиев – «Арал Самали»
5.Дилавер Ваниев – «Машъал»
6.Ботир Қораев – «Насаф»
7.Шерали Бобоқулов – «Сшғдиёна-W”
8.Ислом Исмоилов – «Турон»
9.Денис Коростиченко – «Локомотив»
10.Баҳром Норсафаров – Аёллар терма жамоаси
11.Элдор Мойлиев – «Насаф»
12.Шуҳрат Тошпўлатов – «Насаф»
13.Марат Мифтаҳутдинов – «Бунёдкор»
14.Карима Йўлдошева – «Навбаҳор-W”
15.Дмитрий Ан – «Пахтакор» академияси
16.Абдумажид Тоиров – «Сурхон»
17.Дмитрий Ким – «Чиғатой»
18.Сервер Жепаров – ЎФА мутахассиси
19.Реижи Хирата – Япония
20.Мирлан Эшенов – Қирғизистон
21.Грегг Бриттон – Буюк Британия
22.Алишер Тўхтаев – Тожикистон
23.Александр Крестинин – Қирғизистон
24.Аҳмед Агамурадов – Туркманистон.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА