Яқинлашиб келаётган "Токио–2020": Олимпия ўйинларида нафақат атлетларимиз, балки бир гуруҳ ҳакамларимиз ҳам мамлакатимиз номидан иштирок этади.
Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Тоҳир Ғуломов спорт курашлари баҳсларига ҳакамлик қилади. Тажрибали ҳакамимиз бир неча йилдирки, ушбу спорт турида дунёнинг энг кучли рефериларидан бири сифатида эътироф этилади. "Пекин–2008", "Рио–2016" Олимпия ўйинларида ишлаган ҳакамимиз эндиликда "Токио–2020" Олимпиадасини ҳам ўз хотирасига муҳрлаб қўядиган бўлди.
Тоҳир Ғуломов шу пайтгача 23 та жаҳон чемпионатида ҳам фаолият олиб борган. 2014 йил спорт курашлари бўйича дунёнинг энг яхши ҳаками, деб топилган.
Рамзиддин Саидов дзюдо баҳсларида ҳакамлик қилади.
"Лондон–2012"да дзюдочи сифатида иштирок этган Саидов энди ҳакам сифатида Олимпиадага ташриф буюрмоқда. Беллашувларни доимо оқилона бошқариб бориши сабаб Халқаро дзюдо федерацияси ҳамюртимизга энг муҳим ва марказий беллашувларни ишониб топширмоқда. Эслатиб ўтамиз, бошқа бир ҳакамимиз Вячеслав Перетейко Паралимпия ўйинларида ишлаши белгилаб қўйилган.
Аида Ҳасанова қиличбозлик баҳсларида ҳакамлик қилади.
Қиличбозлик спортида ҳакамларнинг Олимпиадада иштирок этиши учун ўзига хос талаблар мавжуд. Бунинг учун ҳакамлар йиллар давомида Олимпиада даражасигача турли мусобақаларда очко тўплаб келишади. "Рио–2016"га бир қадам етишмаган Аида Ҳасанова Токиода ўз орзусига эришди.
Зуҳра Абдуллаева оғир атлетика баҳсларида ҳакамлик қилади.
Оғир атлетика оламида ўз ўрнига эга Зуҳра Абдуллаева учун бу дастлабки Олимпиада эмас. Ҳамюртимиз "Рио–2016" Олимпия ўйинларида ҳам баҳсларни одиллик билан бошқариб борган. Халқаро ташкилот унинг ишига доимо юқори баҳо бериб келган ва "Токио–2020" Олимпиадасига ҳам Абдуллаевани таклиф қилди.
Евгения Дедушева теннис мусобақаларига ҳакамлик қилади.
Теннис бўйича “Катта дубулға” ва бошқа туркумга кирувчи бир қатор турнирларда муваффақиятли ишлаб келаётган Евгения Дедушева ўзи ишлаган нуфузли мусобақалар орасига Олимпия ўйинларини ҳам қўшиб қўймоқда. 30 ёшли ҳакамимиз Халқаро теннис федерациясининг бронза кўкрак нишонига эга.
Шунингдек, теннисдаги яна бир ҳакамимиз Дмитрий Дуранидис Паралимпия баҳсларини бошқариб бориши кутилмоқда.
Ольга Блохина триатлон баҳсларига ҳакамлик қилади.
Ольга Блохина “World Triathlon TO Level2” сертификатига эга бўлган ҳакам ҳисобланади. У ўтган "Рио–2016" Паралимпия ўйинларида иштирок этган. Эндиликда "Токио–2020" Олимпия ўйинларида ҳам фаолият олиб борадиган бўлди.
Шерзод Иноғомов сузиш, Эльмира Файзуллаева синхрон сузиш мусобақаларига ҳакамлик қилади.
Кўплаб халқаро мусобақаларда тажриба орттириб бораётган ушбу ҳакамларимиз ҳам "Токио–2020"да фаолият олиб борадиган реферилар қаторидан жой олишди.
Людмила Ли спорт гимнастикаси, Талия Абдураманова эса бадиий гимнастика баҳсларига ҳакамлик қилади.
Ҳар икки вакилимиз ҳакамликдан ташқари ўз йўналишлари бўйича терма жамоамизда катта мураббий сифатида ҳам фаолият олиб боради. "Токио–2020" Людмила Ли учун дебют эмас. У бунгача "Рио–2016" ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари орқали улкан тажриба орттириб улгурган.
ЎзА