Осиё олимпия кенгаши васийлигида ўтказиладиган Жанубий-шарқий Осиё ўйинлари қолдирилди. Бу ҳақда Ветьнам олимпия қўмитаси хабар тарқатди.
Ҳар икки йилда ўтадиган ўйинларнинг биз учун аҳамиятли томони, мусобақада ўзбек спорти - кураш ҳам мазкур “кичик олимпия” тизимидан ўрин олган 40 та спорт турининг бири ҳисобланади.
Хабарда келтирилишича, жорий йилнинг 21 ноябрь – 2 декабрь кунлари мамлакат пойтахти Ханой шаҳрида ўтиши керак бўлган XXXI ўйинларнинг қолдирилишига дунё, шу жумладан, Ветьнамда коронавирусга чалинаётган кўпаяётгани сабаб бўлган. Ўтган бир ҳафтада мамлакатда касалликка янгидан чалинганлар сони минг нафардан зиёдни ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда Ветьнамда карантин талаблари кучайтирилган. Ўн кишининг бир жойга тўпланиши тақиқланган. Жамоат транспорти ҳаракатланиши тўхтатилган. Оммавий тадбирларга чек қўйилган.
Осиё олимпия қўмитаси оламида “SEA Games-31” номи билан машҳур бўлган нуфузли спорт тадбирида минтақанинг 11 давлатидан маҳоратли атлетлар бошқа спорт турлари қатори ўзбек миллий спорти - кураш беллашувларида ҳам медаллар учун баҳс олиб бориши лозим эди.
10 минг нафардан зиёд спортчиларни қамраб олиши керак бўлган ўйинлар 2022 йилга қолдирилганлиги расман эълон қилинди. Лекин унинг келгуси йил айнан қайси ойда ўтказилиши бўйича ҳали бир тўхтамга келинмаган.
Т. РЎЗИЕВ