
Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида Бухоро, Қашқадарё ҳамда Фарғона вилоятлари ҳудудий марказлари профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирокида амалий семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурида умумий ўрта таълимнинг янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда STEAM (фан, технология, муҳандислик ва математика) методларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш белгилаб берилган. Мазкур вазифа илк марта Самарқанд вилоятида амалга оширилди. Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва Самарқанд вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази томонидан STEAM лабораторияси ташкил этилди.
Марказ ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбир қатнашчилари мазкур лаборатория ва марказдаги “Ёзги мактаб”, видеостудия фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга ушбу лойиҳаларни амалга оширишдан кутилган мақсад ва дастлабки натижалар ҳақида маълумот берилди.
– Бу саъй-ҳаракатлар малака ошириш таълим тизимини янада ривожлантириш, илғор ўқитиш услубларидан фойдаланиш ва уларни амалиётда кенг қўллашга ёрдам беради, – деди Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази раҳбари А.Ибрагимов. – Бугун Бухоро, Қашқадарё ва фарғоналик ҳамкасбларимиз билан ўқув-тарбия жараёнига замонавий педагогик технологиялар, шу жумладан таълим беришнинг инновацион усулларини жорий этиш, ўқув ва ўқув-услубий адабиётларнинг янги авлодини яратиш, фундаментал ва амалий-илмий тадқиқотларни амалга ошириш юзасидан фикрлашиб олдик.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА