28 октябрь - Бутунжаҳон дзюдо куни
Ҳар йили 28 октябрь куни дунё бўйлаб Бутунжаҳон дзюдо куни кенг нишонланади.
Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) таклифи билан бу йилги байрам тантаналари «Бирдамлик» (Solidarity) шиори остида ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар қатори Тошкент шаҳрида ҳам дзюдочилар байрами кенг тантана қилинди. Унда Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, мураббийлар, ёш дзюдочилар ва уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳозир бўлди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони соҳиби Владимир Пятаев, терма жамоа бош мураббийи Илиас Илиадис ва бошқалар сўзга чиқиб, дзюдочиларни байрам билан қутлашди.
[gallery-4479]
«Бугун бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам «Халқаро дзюдо куни» кенг нишонланмоқда. Биз ҳам ушбу тадбирга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бахтиёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек дзюдоси оиласини ушбу кун билан муборакбод этаман. Насиб қилса, яқин келажакда сиз жажжи дзюдочилар халқаро мусобақаларда акаларингиз сингари Ватанимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб, ўзбек дзюдосининг шонли анъаналарини давом эттирасизлар. Ўз навбатида, спортчиларимизнинг мана шундай замонавий спорт залларида шуғулланишлари учун шароит яратиб бераётган муҳтарам Президентимизга ҳам раҳмат айтаман», – деди МОҚ Бош котиби О.Касимов.
Шундан сўнг Камол Муродов ва Ўлмас Гуллиев мураббийлигидаги ёш дзюдочиларимиз татамида ўз чиқишлари билан маҳорат ва иқтидорларини намойиш этди. Фахрийлар номидан сўзга чиққан Владимир Пятаев ёш дзюдочилар акаларининг изидан бориб, уларга муносиб ворис бўлишга чақирди.
Сўнгра фахрий меҳмонлар ҳамда ёш дзюдочиларга эсдалик совғалари топширилди. Маросим сўнггида анъанага мувофиқ байрам торти кесилиб, меҳмонларга тортиқ этилди.
Муҳаммад АМИН(сурат), ЎзА