
1415 йил (бундан 606 йил олдин) – Темурийлар ҳукмдори Шоҳруҳ Мирзо ўз ўғли Улуғбек билан тортишиб, Мўғулистонга кетиш арафасида турган жияни Аҳмад Мирзога мактуб йўллади.
Тарихчи олим Турғун Файзиевнинг қайд этишича, ушбу мактубда қуйидаги сўзлар битилган:
“Хабарчилар бизга шу нарсани етказмишларки, Аҳмад Мирзо билан фарзанди солиҳ Улуғбек Мирзо ораларинда фисқу фасодчиларнинг ношоён сўзлари бирлан шаҳарлар ва фуқароларнинг ташвишларини орттирувчи воқеалар содир бўлмиш. Бу хабарни биз Ироқ мамлакатинда эканлигимизда эшитдук, аммо масофа йироқлиги туфайли, унинг тадоригини кўришга кириша олмадук. Дориссалтана Ҳиротга қайтиб келгандан кейин эса эшитдукки, у фарзанд Мўғулистон томон кетаётган эмиш. Бу ҳол биз учун бағоят маслаҳатдан йироқ ва ажиб туюлди. Чунки биродарлар ва фарзандларга нисбатан бизнинг “бешикдан тобутгача” ғамхўр эканлигимиз барчага аёндур.
Ота-болалик биноси қўзғолмай турувчи тоғлардек собит бўлмоғи учун у фарзанд бизнинг хузуримизга ҳомийлик паноҳини сўраб келишига ишончимиз қомил ва эътиқодимиз кучлидир. Бу сўзларни туғишганлик вазифаларини адо этиш мусулмонлик ҳам мусулмонларга ғамхўрлик қилиш юзасидан айтилди. Такаллуфу мақтанчоқлик, макр-ҳийлага йўйиб кек сақлаш бизлар учун уятдир. Эҳтимолки, мулозимликда юрган бир гуруҳ кишилар мазкур ноўрин ҳаракатлар хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий тарзда улар томонидан содир бўлганлиги туфайли, ваҳимага тушиб, у фарзанднинг бизнинг Ҳузуримизга келишига монеълик қиларлар. Аҳмад Мирзо уларнинг барчасини ишонтирсинки, биз ҳаммаларининг гуноҳларини афв қилдик. Ҳақ устига ҳақдирки, уларнинг ҳаммасига раҳм-шафқат паноҳидан бошпана бергумиздир”.
1899 йил (бундан 122 йил олдин) – Фарғона вилояти ҳалқ музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Музей уч қаватли бинода жойлашган бўлиб, унинг умумий майдони 4220 квадрат метрни ташкил этди, шундан 1890 квадрат метри экспозиция залларидан иборат бўлди.
1952 йил (бундан 69 йил олдин) – тарихчи Муқаддам Ҳамзаеванинг қайд этишича, педагогика институтларининг сиртқи бўлимларида таълимни яхшилаш тадбирлари тўғрисидаги қарор эълон қилинган. Унга кўра, педагогика институтларининг сиртқи бўлимларида ўқитиш сифатини ошириш мақсадида айрим педагогика институтларининг сиртқи бўлимлари қисқартирилиб, республика бўйича 6 та йирик педагогика институтларининг, яъни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти, Тошкент тиллар педагогика институти, Фарғона, Андижон, Бухоро, Қорақалпоғистон педагогика институтлари сиртқи бўлимлари сақлаб қолинди.
1994 йил (бундан 27 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи комиссиясининг ТАСИС (МДҲ мамлакатларига техник ёрдам кўрсатиш) минтақавий дастури бўйича раҳбарлар гуруҳининг давлатлараро учрашуви ташкил этилди.
1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси музей ва илмий муассасалари фондидан Амир Темур ва темурийлар даврига оид экспонатларни Темурийлар тарихи давлат музейига ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Гольфни ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2015 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”, “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида” қонунлари қабул қилинди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳр-саховат» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади