
2024 йилги Олимпия ўйинларига йўлланма тақдим этадиган 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё кубоги баҳсларига тайёргарлик кўриш мақсадида 2001-2002 йилларда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон олимпия (U-21) терма жамоаси ташкил этилганидан ва мазкур жамоа Про-лига мусобақасида иштирок этаётганлигидан хабарингиз бор.
«Олимпик» деб номланган жамоанинг Про-лигадаги дебют иштироки ёмон бошланмади. 8-турдан кейин жамоа 14 очко билан 2-ўринда боряпти. Мамлакат олимпия терма жамоасига номзод футболчилардан иборат вакилларимиз айни пайтда Украина пойтахти Киев шаҳрида бўлиб турибди.
Сабаби, Темур Кападзе бош мураббийлигидаги термамиз бу ерда ташкил этилаётган ўзига хос халқаро турнирда қатнашади.
Аслида футболчиларимиз аслида эртага Туниснинг 21 ёшлилар термаси билан куч синашиши лозим эди. Бироқ бу мамлакат делегацияси Киевга етиб келмади.
Шу тариқа мусобақа форматида ҳам ўзгариш юз берди. Энди вакилларимиз 26-29 май оралиғида ўз гуруҳида майдон эгалари ва Озарбайжон ёшлар терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА