27 октябрь – Қарши шаҳри куни
2700 ёшдан ошган қадимий шаҳар
2700 йилдан сал кўпроқ кўҳна тарихга эга, милоддан аввалги асрларда вужудга келган, Навкат, Нахшаб, Новқат, Боло, Нахшиболо, Ерқўрғон, Захакиморон, Насаф, Беҳбудий каби номлар билан машҳур бўлган Қарши шаҳри бугунги кунда Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази сифатида ўзининг қадимий ва навқиронлиги билан том маънода воҳа гавҳарига айланди.
1318-1326-йилларда мўғул ҳукмдори бўлган Кепакхон мўғул ҳукмдорлиги марказини Қашқадарё ҳудудига кўчирган ва XVII аср тарихчиси Маҳмуд ибн Валининг ёзишича “Кепакхон мўғул у ерда бир кўшк қурган эди, мўғул тилида кўшкни қарши деб атаганлари учун ўша вақтдан бошлаб ул шаҳар Қарши номи билан машҳур бўлди”.
Қашқадарёнинг атоқли олими Поён Равшановнинг ёзишича, “Қашқа воҳаси жанубидаги кишилик масканлари XIII асрдан сўнг бирор бир манбада эслатилмайди. Бунинг сабаби, шубҳасиз мўғуллар истилоси оқибатлари билан боғлиқдир.”
Босқинчиларнинг ўнлаб истилолари зарбидан харобага айланиб, яна қайтадан қад ростлаган кўҳна шаҳримиз бугун ҳар томонлама ривожланган, бой инфраструктураси, бетакрор архитектураси, кенг ва равон кўчалари, кўркам боғу хиёбонлари, маданият-маърифат масканлари, мехнаткаш ва ижодкор аҳолиси билан республикамиздаги етакчи шаҳарлардан бирига айланди.
Қарши – қадимий ва навқирон шаҳар. Унинг ҳозирги кунгача сақланган меъморий ёдгорликлари - Кўкгумбаз, Қашқадарё кўприги, Қарши ҳаммоми, Шарофбой, Бекмуродбой, Қиличбой, Абдулазизбой мадрасалари, Одина жомеъ масжиди, Қарши сардобаси, Абу Убайда бин ал-Жарроҳ зиёратгоҳи ва Хонақо масжиди мажмуаси ҳукуматимиз ва халқимиз ардоғида. Бугун уларга ҳамоҳанг тарзда 3 та истироҳат боғи, 2 та ҳайкал, 3 та монументал ёдгорлик ва унинг атрофидаги 10 га яқин сайлгоҳлар, 100 га яқин маъмурий бинолар, 30 га яқин замонавий шифохоналар, 50 га яқин меҳмонхоналар, театр, маданият ва маърифат масканлари, 50 га яқин фавворалар, 100 дан ортиқ хизмат кўрсатиш манзиллари элга хизмат қилмоқда, янгидан қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон массиви”дан умидларимиз бисёр.
[gallery-9313]
Қарши – илм-маърифат ўчоғи. Манбаларда буюк муҳаддис Имом Бухорий Насафнинг Боён гузарида истиқомат қилганлиги, Насафда Мовароуннаҳрдаги 4 та ҳадисшунослик мактабидан биттаси фаолият кўрсатганлиги ва бу шаҳар IX-X асрларда ўзига хос илмий-маданий марказлардан бири даражасига кўтарилганлиги қайд этилган. Мазкур шаҳарда турли даврларда 200 дан зиёд Насафийлар яшаб, ижод этган. Ислом қонунчилиги - илми фиқҳ ҳам айнан Насафда ривож топган. Бугун эса 6 та олийгоҳ, 4 та техникум, 10 та ихтисослашган мактабларда Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропованинг, 30 га яқин фан доктори, 250 га яқин фан номзодларининг муносиб издошлари тарбияланмоқда.
Қарши – ҳунармандлар шаҳри. Қаршилик моҳир чармгарлар, мисгарлар, темирчилар, косиблар бўйра тўқувчи (бўйрабофлар), сават тўқувчилар, кулоллар, косагарлар (ёғочдан йўниб коса ясовчилар), олача номли мато тўқувчилар ўз маҳсулотлари билан қадимдаёқ машҳур бўлганлар. Бугун “Санам”, “Каштекс”, “Султонтекс” каби тикувчилик ва тўқимачилик корхоналари, “Uzshoes” пойабзал, “Алттехносервиз” телевизор ишлаб чиқариш корхоналарида, барча шароитлари муҳайё этилган касб-ҳунарга ўргатиш Мономарказ марказида аждодларимизнинг ҳунармандлик, ижодкорлик мерослари давом эттирилмоқда. Буларнинг бари аждодларнинг қони ҳамон томирларимизда мавжланаётганидан далолатдир.
Бугун Қаршига йўлингиз тушса (айниқса, 3-4 йил аввал бошқа юртга кетган киши қайтса уни танимаслиги муқаррар) кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободончилик ишларига гувоҳ бўласиз, баланд бинолар, уларнинг деворларига чизилган улкан, антиқа (граффити) расмлар, текис ва равон йўллар, фавворалар рақси, тунги Қаршининг кўзни қамаштирувчи чироқларию бири бирига ўхшамаган гулзору-гулхоналарни кўриб кўзингиз яйраса, таъмирланиб замонавийлик ҳамда қадимийлик виқорига йўғрилган Қашқадарё кўприги, Одина масжидида барпо этилган элимиз зиёлиларининг аччиқ қисмати, тақдиридан сўзловчи “Қатағон қурбонлари” музейи каби осори атиқалар мозийдан сўзламоқ учун сизни ўз бағрига чорлайди.
Унинг ҳикоялари билан эса Янги Ўзбекистондаги бунёдкорликдан, маънавий юксалишдан, ортиб бораётган турмуш фаровонлигидан элнинг розилиги сифатида туғилган Қаршининг донишманд боболарию, парисифат момоларининг дуолари қулоғингизга сингади: “Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин, кўнгилларимиз хотиржам, бошимизга Президентимиз омон бўлсинлар...”
Ораста Тошева,
Қарши шаҳар ҳокими маслаҳатчиси
ЎзА