Эпидемия ва пандемия фақат саломатликка эмас, балки иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорликка ҳам жиддий зарба берадиган ҳодисалардир. Тарихан бундай глобал офатлар нафақат минглаб инсонлар ҳаётига зиён етказган, балки мамлакатларнинг ривожланиши, иқтисодий ўсишига, ишлаб чиқариш ва савдо занжирига, шунингдек давлатлараро муносабатларга ҳам катта сезиларли таъсир кўрсатган.
Қадим замонлардан бери ўлат (вабо), чечак, қизамиқ каби юқумли касалликлар улкан ҳудудларда аҳоли сони камайишига сабаб бўлган. ХIХ-XX асрларда тиббиёт соҳасидаги ютуқлар туфайли юқумли касалликлар устидан назорат кучайган бўлса-да, глобаллашув шароитида вирус ва бактериялар чекловсиз тарқалиши осонлашди.
2020 йил бошланган COVID-19 аввалгилардан глобал миқёсдаги, жумладан технологик ва ижтимоий соҳаларга таъсири билан ажралиб турди. Пандемия халқаро тизимнинг саломатлик соҳасидаги заиф томонлари, шунингдек инфратузилма етарли даражада тайёр эмаслигини ошкор қилди.
Ўша даврда иқтисодий инқироз, ишсизлик ортиши, савдо оқими бузилиши, давлатлар бюджети кескин қисқариши кузатилди. Бундай шароитда алоҳида эмас, балки биргаликда ҳаракат қилиш зарурлиги аёнлашди. Шу боис БМТ томонидан эпидемияларга тайёргарлик бўйича жамоавий хабардорликни ошириш мақсадида махсус кунни белгилаш ташаббуси илгари сурилди. Халқаро ҳамжамият эпидемия ва пандемияларга самарали жавоб беришга тайёр туриш масаласига жиддий эътибор қарата бошлади. Шу тариқа 2020 йил 27 декабрда БМТ томонидан Халқаро эпидемияга тайёргарлик куни эълон қилинди.
Ушбу сана нафақат тайёр бўлиш, балки эпидемияларнинг олдини олиш, турли вазиятларга тезкор жавоб чораларини ишлаб чиқиш ва дунё бўйлаб тиббиёт тизимини кучайтириш зарурлигини эслатиб туради.
Бу жараёнда тиббиёт инфратузилмасини кучайтириш, глобал соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жамиятни огоҳ қилиш ва давлатлараро мутахассислар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш талаб қилинади. Бу фақат саломатлик тизими учун эмас, балки глобал иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий тинчликни сақлашда ҳам муҳим.
Таъкидлаш жоиз, БМТ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида изчил шериклик йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик учун ЖССТ ва мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул.
ЖССТ фаолиятида Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар томонидан илгари сурилган тамойиллар муҳим ўрин тутади. Хусусан, Олий комиссар COVID-19га қарши тиббий-ижтимоий чора-тадбирларни амалга оширишда жамоатчиликнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш муҳимлигини қатъий тавсия этади. Унинг таъкидлашича, эпидемияга қарши курашишнинг ягона самарали усули – жамият ишончини қозониш.
Бундай омиллар нафақат касаллик тарқалишининг олдини олиш, балки жамиятдаги ишонч муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди. Шу нуқтаи назардан соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, аҳолининг хабардорлигини ошириш ва инқироздан кейинги тикланишни таъминлашга қаратилган дастурлар Ўзбекистоннинг пандемия давридаги барқарорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Пандемия даврида коронавирусга чалинган фуқароларимизни даволаш учун Россия, Жанубий Корея, Хитой ва Германиянинг юқори малакали шифокорлари билан, жумладан, телетиббиёт орқали мунтазам тажриба алмашиш йўлга қўйилди. Жаҳоннинг энг илғор даволаш усуллари кенг қўлланилди.
Эпидемиологик вазият устидан халқаро амалиёт асосида самарали назорат ўрнатиш мақсадида барча зарур чоралар қабул қилинди.
Биринчидан, мамлакат миқёсида карантин тизими жорий қилинди. Шунингдек, аҳолининг масъулиятини ошириш учун қонунчиликка зарур ўзгаришлар киритилди. Хусусан, сохта ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Иккинчидан, касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида, жумладан, ижтимоий тармоқ орқали кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Учинчидан, таълим тизими узлуксизлигини таъминлаш учун соҳадаги барча муассасалар фаолияти масофадан, онлайн режимда ташкил этилди ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилди.
Тўртинчидан, аҳоли озиқ-овқат, дори-дармон, зарур тиббий буюмлар ва бошқа ҳаётий муҳим товарлар билан узлуксиз таъминланди. Имконияти чекланган, кам таъминланган ва эҳтиёжманд қатламларга беғараз манзилли ёрдам кўрсатилди. Бу жараёнда нодавлат ташкилотлар, фуқаролик институтлари ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этди.
Бешинчидан, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилди. Шу мақсадда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларига банк кредити бўйича фоизни “музлатиш” ва солиқ “таътили” имконияти яратилди. Импортга солиқ ва бож сезиларли даражада пасайтирилди.
Олтинчидан, турли ҳужжатлар, масалан суғурта полисини алмаштириш муддатини ўтказганлик учун жавобгарликдан озод қилиш чораси кўрилди. Чет эл фуқароларининг яшаш муддатини бузганлик учун жарима солмасдан қолиш даври узайтирилди.
Еттинчидан, хорижда бўлиб турган фуқароларимизни қайтариш чоралари кўрилди. Ўтган даврда бошқа мамлакатлардан 11 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди.
Саккизинчидан, Ўзбекистон пандемияга қарши курашда қатор давлатларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича фаол сиёсат олиб борди.
Тўққизинчидан, барча чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига қатъий мувофиқ амалга оширилди. Бу борада 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда инсон ҳуқуқини чеклаш чегараси аниқ белгиланди.
Коронавирус асосий юқумли касаллик ва эпидемияларнинг инсон ҳаётига, узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий тараққиётга етказиши мумкин бўлган ҳалокатли оқибати мисолидир. Ушбу пандемия, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал инқироз ва ҳаддан ташқари юкланган соғлиқни сақлаш тизими учун ортиқча босимни бзага чиқарди.
Бу касаллик айниқса аёллар ва болалар тирикчилигига, энг қашшоқ мамлакатлар иқтисодиётига номутаносиб таъсир кўрсатди. Вирус заиф гуруҳларга мансуб ёки шундай аҳволдаги инсонлар учун хавф туғдирди.
Агар халқаро ҳамжамият пандемияларга қарши курашда ҳамкорликни кучайтирмаса, келажакдаги эпидемиялар янада жиддий ва тезкор келиши мумкин. Шунинг учун маҳаллий, миллий, минтақавий ва глобал даражада эпидемияларга тайёргарлик, маълумот алмашиш, илмий билим ва илғор тажрибани ўрганиш, сифатли таълим ва маърифий дастурларни амалга ошириш вазиятга самарали жавоб беришда энг муҳим чоралардир.
Эпидемияларга қарши курашда асосий хизматларни тўхтатишнинг олдини олиш ва вазиятни тезкор ва самарали тарзда бошқариш жуда муҳим. Зарур жавоб бериш чораларини кучайтириш, одамлар соғлигини муҳофаза қилиш, ҳайвонлар ва ўсимликлар саломатлигини таъминлаш, шунингдек табиатни муҳофаза қилишни ўз ичига олган “Ягона саломатлик” ёндашуви зарур. Бундай комплекс ёндашув ҳам соғлиқни сақлаш тизими барқарорлигини, ҳам табиий муҳит сақланишини таъминлайди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал қилишда ҳукуматларнинг марказий роли, шунингдек тегишли манфаатдор томонлар, айниқса тиббиёт ходимларининг кўпчилигини ташкил этувчи аёлларнинг беқиёс ҳиссасини эътироф этиш зарур. Уларнинг меҳнати, пандемия даврида ўз жонини хавф остига қўйиши ва хизматларини давом эттириши, бутун дунё миқёсида эътирофга лойиқ.
БМТга аъзо давлатлар аҳолининг заиф гуруҳларига мансуб ёки эпидемия пайти юқиш хавфи энг юқори шахсларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда тенглик ва камситмаслик асосида кенг қамровли иштирокни таъминлашга содиқлигини таъкидлайдилар. Бунда қариялар, болалар, ногиронлар, миграция қилган шахслар ва қашшоқ аҳоли қатламларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланиши керак.
Шу муносабат билан, БМТ Бош Ассамблеяси барча аъзо давлатлар, тизимдаги ҳамда глобал ва минтақавий бошқа ташкилотлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти, жумладан нодавлат ташкилотлар, таълим муассасалари, алоҳида шахслар ва бошқа тегишли манфаатдор томонларни ҳар йили Халқаро эпидемияга тайёргарлик кунини ўтказишга чақиради. Бу кунда тегишли тарзда ва миллий шарт-шароитга мувофиқ маърифий ишлар, хабардорликни ошириш тадбирлари ўтказиш орқали эпидемияга тайёргарликни таъминлаш, қарши курашиш учун ҳамкорлик ўрнатиш муҳимлигини тарғиб этиш лозим.
Мухтасар айтганда, бу йўлдаги барча ташаббуслар бир-бирини тўлдирган ҳолда ва биргаликда амалга оширилса, эпидемияга қарши самарали курашиш мумкин. Муҳими, айни жараёнга глобал ва миллий стратегияларни шакллантириш орқали ҳар бир мамлакат, ташкилот ва жамоа ҳисса қўшиши тақозо этилади.
Иқболбек Абдумажидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
бўлим бошлиғи