1903 йил (бундан 118 йил олдин) – шоир ва мутафаккир, ўзбек демократик адабиёти асосчиларидан бири Муҳаммад Аминхўжа Муқимий сариқ касалига гирифтор бўлиб, бу оламдан кўз юмди.
Муқимий қолдирган адабий мероснинг катта қисмини жозибадор ғазаллар, дилкаш муҳаммаслар ташкил эгади. У адабиётимиз тарихидаги энг кўп мурабба (тўртлик) ёзган шоирлардан бири саналади.
1912 йил (бундан 109 йил олдин) – кинодраматург, жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Собир Муҳамедов таваллуд топди (вафоти 1978 йил). У 1959–1963 йилларда Ўзбекистон маданият ишлари вазири бўлган. Собир Муҳамедов кўпгина ҳужжатли, бадиий, мультипликацион филъмларнинг сценарийларини ёзган: “Ўтган кунлар”, “Зулматни тарк этиб”, “Юнус Ражабий”, “Ўзбекистон ўрмонлари” ва бошқалар шулар жумласидан. У Василий Яннинг “Чингизхон” романини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган.
1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Қўқонда Фарғона вилояти мусулмонлари съезди бўлиб ўтди. Вилоят “Шўрои Исломия” ташкилоти ушбу съезднинг ташкилотчиларидан бўлди. Съездда 42 мусулмон ташкилотидан 98 делегат иштирок этди. Жадидлар оммани “Шўрои Исломия” атрофида жипслашишга даъват этдилар.
1919 йил (бундан 102 йил олдин) – адабиётшунос ва матншунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Маҳбуба Қодирова таваллуд топди. У мумтоз ўзбек шоиралари – Зебуннисо, Увайсий, Нодира, Дилшод Барно, Муслиҳабегим Мискин, Саодат Муштарий, Анбар Отин каби ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодий меросини кенг кўламда ўрганиб, илмий рисолалар, монографиялар ёзган ва уларнинг шеърий тўпламларини нашр қилдирган.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси билан Яман Араб Республикаси ўртасида элчилар даражасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Битим имзоланди.
2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади