Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Нурбулоқ қишлоғида инсон ҳаракат-таянч аъзолари хасталикларини даволашга мўлжалланган, шифобахш родон суви мавжуд. Шунинг учун бу ерда 1991 йилда “Абу Али Ибн Сино” санаторийси ташкил этилган. Кейинчалик яна бошқа катта-кичик шу каби сиҳатгоҳлар очилган.
Аммо йиллар ўтгани сайин дам олиш масканларида ҳам, тиббий муассасаларда ҳам замон талабларига, одамлар дидига мос шарт-шароит яратилган бўлса-да “Абу Али Ибн Сино” бу жиҳатдан ортда қолиб кетаверди. Ваҳоланки, санаторийда нафақат юртдошларимиз, балки яқин қўшни ва узоқ мамлакатлардан ҳам кишилар келиб саломатлигини тикларди.


Кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимда янги дам олиш масканлари ташкил этиш, мавжудларини бугунги кун талабларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратила бошлади.
Ана шу эътибор туфайли Нурбулоқдаги санаторийнинг 108 ўринга мўлжалланган, беш қаватдан иборат янги биноси бунёд этилди. Бунинг учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ сарфланди.


Куни кеча мазкур бинонинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, академик А.Саидов, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, сенатор Б.Йўлдошев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар бу каби замонавий сиҳатгоҳларнинг ташкил этилиши юртимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг натижаси эканлигини таъкидладилар.


Маросимда санаторийга касаба уюшмалари Федерацияси томонидан автобус совға қилинди.
Янги саноаторийнинг дастлабки юз нафар дам олувчилари юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи меҳнат фахрийлари, фаоллар, жамоатчилик вакиллари бўлди. Уларга бепул йўлланма берилиб, бу ерда 10 кун давомида саломатликларини тиклашлари учун имконият яратилди.




Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА