1374 йил (бундан 647 йил олдин) – тарихчи олим, академик Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, Амир Темурнинг ўн саккиз ёшли тўнғич ўғли Муҳаммад Жаҳонгир ва хоразмшоҳ Ҳусайн Сўфининг қизи Хонзодабегим (Севин бека)нинг никоҳ тўйи бўлди.
Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг қайд этишича: “Хонзода Ҳазрати Олийларини Хоразмдан олиб келиб амирзода Муҳаммад Жаҳонгир ибн амир Темур кўрагонга эрга бердилар. Амир соҳибқирон Конигилда шу вақтгача ҳеч ким кўрмаган тўй қилишни буюрди.”
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жаҳонгир Мирзо ва Хонзодабегимнинг никоҳидан Муҳаммад Султон Мирзо туғилган. 1376 йилда Жаҳонгир Мирзо вафотидан сўнг, орадан етти йил ўтгач, Хонзодабегим Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ никоҳига кирган. Мироншохдан Халил Султон Мирзо дунёга келган. Хонзодабегим ўткир зеҳнли, ақл-фаросатли ҳамда тадбиркорлиги туфайли Амир Темур эътиборини қозонган.
1456 йил (бундан 565 йил олдин) – ҳижрий 860 йил жумодалохир ойининг еттинчисида, чоршанба куни (милодий 1456 йил 13 майда) нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, Абдураҳмон Жомийнинг пири Саъдиддин Кошғарий вафот этди.
1942 йил (бундан 79 йил олдин) – Икки марта Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган учувчи-космонавт, авиация генерал майори Владимир Жонибеков таваллуд топди. Владимир Жонибеков ўзининг космосга қилган беш парвози мобайнида космосда 145 кун 15 соат 58 дақиқа 29 сония бўлган. Помир-Олой тоғларидаги мутлақ баландлиги 4912 метр бўлган чўққи 1985 йилда “Владимир Жонибеков чўққиси” деб аталган.
1952 йил (бундан 69 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан республика Санитария-эпидемия станцияси (СЭС) ташкил этилди. Шу қарор асосида республика вилоятларида ҳам СЭСлар мустақил соҳа сифатида фаолият кўрсата бошлади.
1991 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент молия институтини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2016 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”, “Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади