Отам урушдан омон қайтгач, турли матбуот нашрларида ишлаган, насрда қалам тебратган.

 Яқинда унинг архивини кўздан кечираётиб, қандайдир сабабга кўра чоп этилмай қолган ҳикоясини топиб олдим.  

Отамнинг дастхати битилган қоғоз йиллар ўтиб, сарғайиб кетган эди. Ҳикояни ўқишга тушдиму, саҳифалардан кўзимни узолмай қолдим...

“Қиятош” қишлоғига кечаси бемаҳал етиб келганим учун у ёқ-бу ёққа бориб юрмай, тоғ ёнбағридаги мўъжазгина меҳмонхонада тунаб қолдим.

Эрталаб аллақандай ёқимли, дилни орзиқтирувчи най ноласидан уйғониб кетдим. Худди тушда кўраётгандай кўзимни очмай, ланг очиқ деразадан кираётган “Чўли ироқ” навосини мароқ билан тинглай бошладим. Куй олисдан, жудаям олисдан – тоғнинг метин қояларида акс-садо бериб келаётганиданми, жозибали эшитилар, қалбни зирқиратиб ўзи билан ўтмишга чорларди кишини.

Кўп ўтмай, куй тинди. Юрагимнинг бир парчаси узилиб тушгандай бўлди. Анчагача касалманд одамдай ўрнимдан қўзғалолмадим.

Портфелимдан онам совға қилган пахмоқ сочиқни олиб, аста ҳовлига чиқдим. Муздек тонг шабадаси юзимга урилиб, бир нафас зинада туриб қолдим.

Осмон шишадек тиниқ, ҳали тонг ёришмаган, аммо атроф ойдин кўринарди. Тунги шудрингда чўмилган дарахтлар худди тўйга ясанган қизлардек ороланиб, ҳавода хушбўй ялпиз, яна аллақандай ёввойи гул ҳидлари уфурар, боғ томондан келаётган қушларнинг чуғур-чуғури алланечук жозибали эшитиларди. Борлиқ кўзимга жудаям гўзал кўринарди. Кўксимни тўлдириб тўйиб-тўйиб нафас олганим сайин ўзимни турли муаттар гуллар оғушида қолгандай енгил ҳис қила бошладим.

Субҳидам сабоси гўё ўзининг майин бармоқлари билан юзим, бўйнимни сийпалаб қитиқлаётгандай бўлар, майсаларнинг сирли шивир-шивири, қушларнинг жўшиб сайраши, ариқ бўйидаги ялпизларнинг силкиниб аста тебраниши ёқимли, жудаям ёқимли кўринарди.

Этак томонга оҳиста юриб, кекса чинор остида булоқ борлигини кўрдим. Бу тонг менга шу булоқ сувидай сирли кўриниб кетди. Муздек сувга ҳовучимни тўлдириб, ҳузур қилиб ичдим. Аъзойи-баданим яйради. Жилдираб оқаётган зилол сув остидаги ранго-ранг тошлар кўзларимни сеҳрлаб, хаёлимни бутунлай эгаллаб олди. Беихтиёр кўнглимда шу ерда – ҳали шудринги тўкилмаган майсалар оғушида умрбод қолиш иштиёқи пайдо бўлди. Ялпиз, беда, ўрик гулининг майин исидан маст бўлиб, чеккароқдаги майсазорда узоқ ўтирдим. Атрофдаги осойишталик онанинг ёқимли алласидан кейинги гўдакнинг беозор уйқусини эслатарди.

Қўққисдан қишлоқ ичкарисидан итларнинг ҳургани, унинг кетидан қўй, эчкиларнинг чўзиб-чўзиб маъраши эшитила бошлади-ю, хаёлим бўлинди.

“Пода келяпти”, – деган ўй лип этиб хаёлимдан ўтди. Ўрнимдан туриб, ўзимдан йигирма-йигирма беш қадамча нарида, ўртада тасмадай оқариб ётган тупроқ йўлда чопонини елкасига ташлаб, диққат билан овоз келаётган томонга термулиб турган меҳмонхона қоровулини кўрдим.

“Илгари чўпон бўлган бўлса керак, – ўйладим ўзимча, – йилқиларни қўмсаб чиқибди йўлга...”

Битта-битта босиб унга яқинлашганимда, чол тупроққа ботаётган оёқ товушиданми, ё ўзи идрок этибми, мен томон ўгирилди. Унинг кичкина жуссаси бир оз эгик, гўштсиз, ажин босган юзи куни билан далада кетмон чопган одамникидек ҳорғин, ич-ичига ботган кўзлари жавдираганча нимадандир безовталанаётганини ошкор қилиб турарди. У синчиклаб қараб турганимдан хижолат тортибми, ё меҳмон бўлганимни назарда тутибми, кичкина, тор йўлга яна бир марта елкаси оша қараб олди-да, худди артистлардек дарров юзида илиқлик пайдо қилди. Саломлашиш учун табассум билан қўл чўзди:

– Меҳмон, жа эрта турибсиз? Яхши ухладингизми, ишқилиб?

– Раҳмат, – дедим, мўйсафиднинг гапидан сунъий майинликни сезиб, – жуда гўзал жой экан қишлоғингиз...

– Ҳа...а, – деди мўйсафид, нимадандир кўнгли тўлиб, – нимасини айтасиз... Бизнинг қишлоққа етадигани оламда йўқ десам, мақтаняпти, демайсиз, бундай жойни етти ухлаб тушдаям кўролмайсиз, десам яна катта кетаяпти, деб ўйлайсиз. Хулласи калом, бу ерлар ҳолва, ҳали сиз тоғ ошиб, қирга боринг-а! Ҳай... ҳай... ҳайратдан ёқа ушлаб қоласиз... аслида ер юзида жаннат бўлса, у бизнинг қишлоғимизда.

Кўчанинг пастроғида кўланкаси қорайиб кўриниб турган қўралардан басма-басига итларнинг ҳургани, қўй, эчкилар маъраши авжга минди-ю, кулги чолнинг оғзида қотиб қолди. Аввал мўйсафид, кейин мен орқага ўгирилдим. Бир арава сиғадиган баланд-паст тупроқ йўлдан ола-чалпак кўланка кўринди. Қариянинг чеҳраси бирдан тундлашиб, заҳа жойи янгилангандек салқи қовоқлари ёқимсиз учди. Худди осмон остидан дор устида лангарсиз юрган одамни кузатаётгандай нафасини чиқармай қўйди. Тоғ шамолида ёрилган қорамтир юзлари, дўрдоқ лаблари асабий титраб, оқиш, сийрак киприклари қовоғига ёпишиб қолди.

Узоқдан ола-чалпак бўлиб кўринган кўланка бора-бора аёл қиёфасига айланди. “Ким бўлди экан?” деган ўй билан йўлдан кўз узмай туравердим. Кўланка яқинлашиб, оҳори тўкилган чит кўйлаги устидан қора нимча кийиб, бошига штампель рўмол солган озғин, паст бўйли аёлнинг гавдаси кўринди. Тоғнинг очиқ томонидан эсаётган муздек тонг шамоли унинг бошидаги юпқа рўмолини, кенг кўйлаги этакларини тортқилар, аммо аёл бунга эътибор қилмас, айни пайтда қадамини санаётгандай бошини кўтармас, ингичка хода устидан бораётгандай эҳтиёткорлик билан тасмадай оқариб ётган йўлдан келарди.

Кекса аёл меҳмонхона ёнидан ўтаётиб бораётганида, унинг маъюс, жудаям маъюс, қоқсуяк, қорамтир чеҳрасига кўзим тушди-ю, товон-товонимгача зирқираб, бўғзимга нимадир келиб тиқилди. Аъзойи-баданимдан совуқ тер чиқиб, мингоёқ ўрмалагандек этим жимирлаб кетди. Худди шу кезда... гап нимада эканига тушунмас, аммо кампирнинг озғин юзидаги ажинларнинг ҳар биттаси умид изи эканини, дилида оғир, жуда оғир дард, алам, ўкинч борлигини юрак-юрагим билан ҳис қилар, ҳолсиз одамдек ўрнимдан қимирлолмас эдим...

Кекса аёл яшил тепаликлар орқасига ўтиб, кўздан йўқолгунча изидан кўз узмадим.

“Қизиқ, бу аёл ким бўлди экан? Қариянинг хотиними? Ким?” Шу ўй билан бўйи осмонга етадиган чинор остидаги ўриндиққа бориб ўтирдим. Орқамдан қария ҳам эргашди. Армон билан “уҳ” тортиб олди-да, ўйга толган бўлиб, кекса аёл ўтиб кетган яшил тепаликларга термилиб, узоқ вақт гапирмади. Чуст дўпписини олиб, пешонаси, қулоқларининг орқасини артди. Оппоқ батис дастрўмоли жиққа ҳўл бўлди. У менинг таажжуб билан ўзига қараб турганимни сезди, шекилли, хўрсиниб, аёл ҳақида билганларини айтиб берди. “Бу бизнинг қишлоқлик Меҳри кампир, – деди чол яна хўрсиниб”. – Унинг бир пайтлар иккита алпомишдай ўғли бор эди. Каттаси отаси билан урушнинг дастлабки кунларидаёқ фронтда ҳалок бўлди. Кичиги – Салим исмлиси эса “Отам ва акам учун фашистлардан ўч оламан”, деб кўнгилли бўлиб урушга кетганича, бедарак йўқолди. Аёл уни ҳали-ҳамон ишонч ва чидам билан кутади. Эшиги олдига машина келиб тўхтаса, ё бемаҳалда биров чақириб келса: “Салимжон, жон ўғлим, келдингми? Келишингни билардим”, дея юп-юпун, кавушсиз, болакайлардай чопқиллаб чиқади. Йилига биттадан кўйлак олиб, “Салимжонимга” деб, сандиққа ташлаб қўяди. Ҳозир уларнинг сони ўттиз учтага етибди. У Салимжонга атаб, зотли новвос боқади. Ўғли келишига кўзи етмаган дамларда уни жамоа хўжалигига гўштга топшириб, эртасига бозордан бошқасини етаклаб келади”.

Чол ғамгин, ғўссага тўла ҳикоясини тугатди. Менинг Меҳри холага бўлган ихлосим ортиб, бир бурдагина бўлиб қолган гавдасини кўз олдимга келтирганча, унинг сабр-бардоши, матонатига қойил қолдим.

... Сафар юмушларини тугаллаб, қишлоқдан қайтиб кетаётиб, катта асфальт йўл бўйидаги қайрағоч соясида бўртган, озғин тиззаларини қучоқлаб, оппоқ булутлар қаърига сингиб кетган йўлларга ўйчан термилиб ўтирган аскар онасини йўқладим.

– Ассалому алайкум, онажон! – дедим паст, мулойим овозда. Кекса аёл ўтирган жойида бир қалқиб тушди. Овоз қайси томондан келганини англолмайми, ё билса ҳам қараса, яна ҳафсаласи пир бўлишидан чўчибми, икки қўлига суяниб ўтирган жойида бир сония талмовсираб турди. Кейин бор кучини тўплаб мен томонга ўгирилиб қаради. Қизариб кетган кўзлари аллақачон узоқни илғамай, нимхира тортиб қолган, шекилли, бемажол оёқларини ҳорғин кўтариб, менга яқинлашар экан, қичқириб юборишдан чўчигандай лабларини маҳкам қимтиб олди. Бошдан-оёғимгача узоқ, такрор-такрор синчиклаб қараб чиқди. Нимадандир кўнгли тўлмай, тағин хомуш тортиб, елкасига тушиб кетган, офтобда докадек оқарган рўмолини бошига солди-да, ҳорғин жойига бориб, оёқларини аввалгидек қучоқлаб ўтириб олди. Йиғлайвериб ёшланмайдиган бўлиб қолган кўзларини яна тубсиз осмон бағрига сингиб кетган йўлга тикди. Рўмолининг бир учи шамолда пирпираб, ингичка иягини силай бошлади... Бу билан шамол ҳам онахонга таскин бераётгандек эди.

Онахоннинг ёнидан кетолмай узоқ турдим. Назаримда, урушдан қайтмаган ўғлини бир кўриш илинжи унинг ҳилвираб қолган жонини омон сақлаб турарди...”

Сабабини билмайман. Аммо отамнинг ҳикоясини ўқиб тугатдиму, имкон бўлиши билан ҳамма ишни ташлаб, албатта, ҳикояда тасвирланган қишлоққа бораман, деб дилимга тугиб қўйдим. Чунки бу менинг фарзандлик, фуқаролик бурчим эди.

Ниятим холис экан, кўп ўтмай амалга ошди – ўша сўлим “Қиятош” қишлоғига бордим. Йўлнинг қишлоққа бурилиш жойида машинадан тушиб, ҳайдовчига раҳмат айтдим. Энди таниш сўқмоққа қадам босганимни биламан, кўз олдимда намоён бўлган манзарани кўриб, юрагим ҳаяжондан ҳаприқиб кетди...

Йўл ёқасидаги отам ҳикоясида тилга олинган, менинг назаримда маҳорат билан тасвирлаган шохлари тарвақайлаб кетган қайрағочнинг шундоқ ёнгинасида йўл пойлаб турган, кўзлари нигорон бўлиб, ўғлини кутаётган она ҳайкали қад ростлаб турарди. Бу муштипар, ғамбода она менга отамнинг ҳикояси орқали жуда-жуда таниш, қадрдон бўлиб қолган эди. Бу Аскар онасининг бир қарашда оддий, айни пайтда маҳобатли ҳайкали эди...

Аскар онаси гўёки мангулик қаъридан абадийлик оша туриб, узоқ-узоқларга термулиб турар, у ҳамон қирғинбарот урушдан қайтмаган ўғлини кутарди...

Мурод Тиллаев, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аскар онаси (Ҳикоя)