Халқаро экспертлар Ўзбекистон ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 апрель куни Туркманистонга амалий ташрифи ҳақида халқаро сиёсий ва таҳлилий доиралар томонидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Илгар Вализода, «Жанубий Кавказ» сиёсатчилар клуби раҳбари (Озарбайжон):
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги алоқалар ва биродарлик муносабатлари доимий ўсиб бораётганидан далолатдир. Ушбу икки давлат ҳам Озарбайжон учун дўст саналади. Бокуда Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари динамикасини диққат билан кузатишмоқда. Чунки улар Каспий денгизи орқали Озарбайжон билан боғланган муҳим минтақавий транспорт артерияларининг шакланиш динамикасига таъсир қилади.
Ўзбекистон етакчи минтақавий транспорт хаби сифатида иштирок этган ҳолда, магистрал коммуникацияларини фаол ривожлантирмоқда. Шу билан бирга ушбу коммуникацияларнинг бир қисми Туркманистоннинг ягона Туркманбоши порти билан боғланади. Шу тариқа, икки мамлакатнинг транзит салоҳияти ошиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг учрашуви туркий мамлакатларнинг мулоқоти ва ҳамкорлигига муҳим ҳисса қўшди. Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Коронавирус пандемиясига қарамай, 2020 йил якунларига кўра, Туркманистон Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий шериклари орасида 10-, МДҲ мамлакатлари ичида эса 4-ўринни эгаллади. Бу икки мамлакат ҳамкорлигининг юксак салоҳиятга эга эканидан далолатдир.
Антонио Алонсо, Сан-Пабло университети ҳузуридаги гуманитар тадқиқотлар институти ҳуқуқ факультети профессори, Марказий Осиё бўйича мутахассис (Испания):
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги тўрт йилда минтақада яхши қўшничилик, икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим масалаларини биргаликда конструктив ҳал қилиш учун асос яратди.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги бугунги муносабатлар ҳақида сўз борганда, ушбу мамлакат минтақадаги барча давлатларни сиёсий ва савдо-иқтисодий жиҳатдан яқинлашуви ташаббускори сифатида етакчиликни қўлга олганини таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли низога ўз вақтида ва қатъий жавоб қайтарди, тўқнашувларни дарҳол тўхтатиш ва вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чоралар кўришга чақирди. Бутун дунё оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг Қирғизистон – Тожикистон давлат чегарасидаги бутун вазиятнинг кескинлашуви билан боғлиқ хавотирга тушиши жуда ўринли ва адолатлидир. Ҳақиқатан ҳам, минтақа иқтисодиётининг локомативига айланган Ўзбекистон учун қўшни давлатлар ўртасидаги ҳар қандай тўқнашувларнинг юзага келиши керак эмас. Мен Тошкентнинг Душанбе ва Бишкекни вазиятни барқарорлаштиришга ва зиддиятнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирганини тўла қўллаб-қувватлайман.
Виктор Зеленский, “Авиаз” ноширлик уйи директори (Украина):
– Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг учрашуви ҳар икки мамлакат учун ҳам инкор этиб бўлмайдиган даражада муҳим воқеадир. Унда олдин бошланган келишувлар тасдиқланди, ўзаро алоқаларнинг янги марралари белгиланди. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривожланиши, ҳар томонлама алоқалар ва ўзаро стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари – бошқа мамлакатлар учун ҳам яхши қўшничилик намунасидир.
Ўз навбатида шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ва Туркманистондаги шериклар билан ҳамкорликнинг катта тажрибаси уларнинг нафақат бизнес юритиш қобилияти, балки ўз маданиятлари ва бошқа халқларнинг маданий анъаналарига нечоғли ҳурмат билан муносабатда бўлиши кишини ҳайратга солади.
Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлабгина қолмай, балки узоқ йиллар давомида ўзаро ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини ривожлантириш кафолатига айланади, деган умиддаман.
Симада Такао, Сидзуоки префектура университети профессори (Япония):
– Мен Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйича эксперт сифатида қўшни мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатлардан жуда таъсирландим. Агар алоқалар Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари учрашувлари сингари юқори даражада амалга оширилса, у ҳолда, биз икки томонлама ҳамкорликнинг буюк келажаги ҳақида ишонч билан гапиришимиз мумкин. Бундан ташқари, ушбу тадбир миқёси ва унда иштирок этганларнинг кўплигини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг барча соҳаларига туртки беради, деб ишонч билан айтиш мумкин.
Дунёда коронавирус туфайли юзага келган ҳозирги мураккаб иқтисодий вазиятни ҳисобга олиб, албатта, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига устувор аҳамият берилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбарининг Туркманистонга пандемиянинг оғир пайтида ҳамда муқаддас Рамазон ойида ташриф буюриши икки халқ ўртасида кучли маънавий-маданий яқинлик мавжудлигидан дарак беради.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан буён сўнгги бир неча йил давомида шундай тенденция кузатилмоқда. Унинг минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фаол сиёсати, йиллар давомида ҳал этилмаган муаммоларни ечишга қатъий муносабати, минтақани интеграциялашга интилиши, айрим минтақаларда кескинлик кучайиб бораётган ҳозирги кунда айниқса долзарбдир.