Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов вилоят марказидан 300 километр узоқликда жойлашган Учқудуқ туманида бўлиб, ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан учрашди.
Бугунги тадбиркор ислоҳотчи, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим куч эканлигини барча яхши тушуниб етмоқда. Зеро, тадбиркорларнинг юрт фаровонлигини таъминлашдаги ҳиссаси беқиёс.
Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан учрашувда уларга яқиндан кўмакдош эканлигини таъкидлади. Тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, уларни қийнаб келаётган масалаларга ечим изланди.
– Тадбиркорлар учун доимо барча эшиклар очиқ, – дейди вилоят раҳбари. – Ҳар қандай масалада ҳудуд раҳбарларидан тортиб, менгача бемалол мурожаат қилишлари мумкин. Мурожаатлар энди ечилмасдан, ҳал этилмасдан қолмайди. Биз уларга ёрдамчи эканлигимизни амалда кўрсатишимиз керак.
Мазкур мулоқотда Обид Ҳамроев, Лайло Каримова, Шерзод Юсупов кредит, марказий коммунал тармоқларига уланиш сингари масалаларда вилоят раҳбарига мурожаат қилди.
Тадбиркорларнинг ҳар бир таклифи мутасадди идоралар вакиллари, бошқармалар ҳамда масалага даҳлдор корхона, ташкилот раҳбарлари иштирокида таҳлил этилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, вилоят раҳбари туманда барпо этилаётган ёшлар саноат зонасида бўлиб, бу ерда ташкил этиладиган лойиҳалар билан танишди.
Учқудуқ ёшлар саноат зонасида 10 гектар майдонда 60 та лойиҳа амалга оширилади.
Абдували Бўриев, ЎзА