Шартнома икки киши ёхуд ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосидир. Бунда шартномада белгиланган шартлар бажарилиши учун олдиндан келишилади ва бажарилиши шарт.
Аммо шартнома тузганда рози бўлиб, сўнг сўзини тутмайдиган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Худди шундай 2 томонлама шартномалардан бири, жорий йилнинг 17 февралида Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ободонлаштириш бошқармаси ва “Adhamjon hoji sara ko‘chatlari” масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган эди. Ушбу тузилган шарномага кўра, “Adhamjon hoji sara ko‘chatlari” МЧЖ жами 1 минг 800 туп арча ва бошқа манзарали дарахат кўчатларини етказиб бериши ва бунинг эвазига туман ободонлаштириш бошқармаси эса МЧЖ ҳисоб рақамига 33 миллион сўм маблағни ўтказиб бериши лозим эди.
МЧЖ раҳбари О.Орзуматова аёл боши билан сўзининг устидан чиққан бўлса, иккинчи тараф, Оқолтин туман ободонлаштириш бошқармаси масъуллари “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним”, қабилида иш тутган.
– Ҳақиқатдан ҳам О.Орзуматова раҳбарлигидаги “Adhamjon hoji sara ko‘chatlari” МЧЖ аъзолари тузилган икки томонлама шартномадаги шартларга кўра, жорий йилда туманда “Обод қишлоқ” дастурига кирган Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун шартномадаги жами 1 минг 800 туп арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатларини олиб келиб берган, – дейди Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи Т.Каримов. – МЧЖ шартномада кўрсатилган шартни бекаму-кўст тўлиқ бажарган. Аммо шартномага қўл қўйган иккинчи тараф – Оқолтин туман ободонлаштириш бошқармаси келишилган 33 миллион сўм маблағни ўтказиб бермай, шартнома шартларини қўпол равишда бузган. Ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан тадбиркор манфаати йўлида Оқолтин туман иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, суднинг қарори билан тадбиркор фойдасига 33 миллион сўм ундириш белгиланиб, тадбиркор мурожаати қаноатлантирилди.
Ҳа, адолат ўрнатилди. Аммо беҳуда сарфланган вақт ва нақд, соғликни жойига қайтариб бўладими?...
А.Қаюмов, ЎзА