
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) нинг 69-сессияси видеоконференция форматида ўтказилиб, унинг доирасида юқори даражадаги учта давра суҳбати ўтказилди.
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова даврий иқтисодиёт ва хусусий секторнинг роли муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида маъруза қилди.
Тадбирда БМТ ЕИК Бош котиби ўринбосари, Финляндия, Россия, Германия каби давлатлардан вакиллар ҳамда UNIDO, БМТ тузилмаларининг бошқа юқори мартабали расмийлари иштирок этди.
Ш.Турдиқулова ўз маърузасида Ўзбекистондаги инновациялар ва технологик соҳадаги эришилган ютуқлар, шунингдек, мамлакатимизда барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишга эришишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида урғу берди. Мамлакатда инновация ва илмий фаолият соҳасида амалга оширилаётган ишлар, инновацион ривожланишда хусусий секторни рағбатлантириш ҳамда кучли ва инклюзив миллий инновация тизимини қуриш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маълумот берди.
– Ўтган уч йил ичида Ўзбекистонда инновацион инфратузилма ва экотизим барпо этилди, инновацион ишланмалар ва илм-фанни молиялаштиришнинг замонавий механизмлари жорий этилди, илмий-тадқиқот ишлари учун учун давлат харажатлари сезиларли даражада ошди, – деди вазир ўринбосари. – Ҳозир юртимизда илмий лойиҳаларни тижоратлаштиришга, ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2018–2020 йиллар даврида тижоратлаштирилган илмий лойиҳалар умумий миқдори уч баробар ошиб, 107 миллиард сўмни (тахминан 10 миллион долларни) ташкил этди. Бунда табиий ресурслар ва сув ресурсларини тежаш, қишлоқ хўжалиги ва чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари бўйича лойиҳаларга кенг ўрин берилди.
Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги экологик ва ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган стартап лойиҳаларни қўллаб -қувватлаб, 34 лойиҳага жами 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги маблағлар йўналтирилди. Мана шундай стартаплардан бири Орол денгизи фожиасининг салбий оқибатларини камайтириш ва ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган “Оролдаги менинг боғим” лойиҳасидир.
Ўзбекистондаги долзарб иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалаларни ҳал этиш, Орол денгизи фалокати оқибатларига қарши курашиш ва сув ресурсларини тежашга қаратилган илм-фан, техника ва инновация соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Германия, Россия, Туркия ва Беларусь билан халқаро илмий ҳамкорлик лойиҳалари доирасида жами 17 миллиард сўм қийматидаги 44 қўшма илмий, амалий ва инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Илмий тадқиқотларни ҳамкорликда амалга ошириш учун Хитой, Ҳиндистон, Россия, Туркманистон, Беларусь, Эрон ва Евроосиё уюшмаси билан илмий-инновацион лойиҳалар миқдорини уч баробар ошириш режалаштирилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ЮНEСКО ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳа давлат идоралари, илмий-тадқиқот муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш , илмий-инновацион маҳсулотлар ва хизматларни тижоратлаштириш учун турли институционал масалаларни ҳал этишни ўз олдига мақсад қилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастурининг (SPECA) барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида иқтисодий трансформация жараёнларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Пандемиядан кейинги вазиятнинг оқибатлари ва муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, миллий инновацион тизимни ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонни 2030 йилгача инновацион ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Унда инсон капиталини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг муҳим ишлаб чиқариш тармоқларини трансформациялаш, давлат инновацион сиёсатини мустаҳкамлаш, инновацияларда хусусий сектор иштирокини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Пандемия оқибатларини бартараф этиш ва келажак авлод учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича халқаро ҳамкорлик ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш муҳимлиги маърузада алоҳида таъкидланди.
Назокат Абдуқундузова,
Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати раҳбари.
ЎзА