
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича берилган долзарб вазифалар ижросидан келиб чиқиб, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев шу кунларда Фарғона вилоятида бўлиб турибди.
Вилоятнинг шаҳар ва туманлари кесимида криминоген вазият бевосита ўрганилиб, масъул тузилмалар мутасаддилари жалб этилгани ҳолда ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни келтириб чиқараётган омиллар, сабаб ва шароитларни таҳлил қилинмоқда.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Фурқат туманида бўлиб, ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган ишлар ҳамда фош этилмаган жиноятлар бўйича тезкор-қидирув ва тергов тадбирлари ҳолати билан яқиндан танишди.

Фош этилмаган жиноятлар бўйича юритилган ишлар ўрганилиб, танқидий муҳокама қилинди ҳамда улар юзасидан тегишли тергов ва тезкор-қидирув тадбирларини ташкил этиш, қидирувдаги шахсларни ушлаш ва жиноятларни фош этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Масъулларга ушбу соҳага бутунлай бошқача нигоҳ ва масъулият билан ёндашиш, тадбирларни “маҳаллабай” ташкил этиш, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар тоифасини аниқ белгилаб, ҳар бир шахс билан индивидуал тарзда иш олиб бориш ҳамда бу борадаги амалий ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Маълумки, жиноят ёки ҳуқуқбузарликларга зудлик билан тезкор чораларни кўриш, унинг оғир оқибатлари олдини олиш ва жиноятларни фош этишда замонавий рақамли кузатув мосламаларининг ўрни жуда муҳим. Данғара туманида кўчалар, турар-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига 450 дан зиёд янги кузатув камералари ўрнатилган.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев Данғара туманида сектор раҳбарлари билан учрашиб, ҳудудда жиноятларни олдини олишга қаратилган ишларни ўрганиш жараёнида эҳтиёт қисмлар савдосига ихтисослашган “Барака” савдо мажмуаси ҳудудини видео-кузатув мосламалари билан жиҳозланганлик ҳолати билан яқиндан танишди.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари томонидан жиноят содир этилиши эҳтимоли бўлган ҳудудларга, кўчаларга, аҳоли гавжум жойларга видео-кузатув мосламалари ўрнатиш ишларини жадаллаштириш, бунда кириш-чиқиш ҳудудларини тўлиқ қамраб олинишига эътибор қаратиш, уларни марказлашган кузатув хоналари билан боғлаш чораларини кўриш топширилди.
Шунингдек, тумандаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, шу жумладан, спортга жалб этиш юзасидан масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
М. Сулаймонов, ЎзА