Аввал хабар қилинганидек, 22 апрель куни Ўзбекистонга Россия Федерацияси Давлат думаси мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти Владимир Шаманов бошчилигидаги делегациянинг ташрифи бошланган эди.
Бугун делегация Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрига ташриф буюрди. Делегация аъзоларини Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Мирзачўл тумани ҳокими Шерзод Аҳмедов ва бошқа расмийлар, жамоатчилик вакиллари кутиб олди.
Ташриф туман марказида жаҳоннинг биринчи космонавти Юрий Алексеевич Гагарин ҳайкалини зиёрат қилишдан бошланди.
Россия Федерацияси Давлат думаси мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти, Россия Федерацияси қаҳрамони Владимир Шаманов бошчилигидаги икки марта Совет иттифоқи қаҳрамони, космонавт Владимир Жонибеков, Совет Иттифоқи ва Россия федерацияси қаҳрамони Сергей Крикалев, Россия Федерацияси қаҳрамони, космонавт Солижон Шарипов, Ю.А.Гагарин номли илмий текшириш институти марказий ишлаб чиқариш компанияси бошқаруви вакилларидан иборат делегация аъзолари жаҳоннинг биринчи фазогири хайкали пойига гулчамбар қўйиб ҳурмат бажо келтирди.
Бундан 60 йил муқаддам собиқ Совет Иттифоқи фуқароси Юрий Алексеевич Гагарин “Восток” космик кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвоз қилган ва инсониятнинг фазони ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берган эди. Ушбу сана муносабати билан Гагарин шаҳрида космонавтика музейи барпо этилди.
Делегация аъзолари ушбу музейнинг очилиш маросимида иштирок этди. Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Россия делегацияси раҳбари Владимир Шаманов ва бошқалар ушбу музей космонавтика фани тарихи ва ютуқлари, жаҳон фалакиёти илмига катта ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний каби буюк сиймолар илмий мероси билан ёшларни таништирувчи муҳим илмий-маърифий маскан эканлигини таъкидлади.
– Бундан 60 йил муқаддам биринчи бўлиб коинотга илк парвозни амалга оширган Юрий Гагарин жасорати космонавтика фанининг буюк ютуғи сифатида тарихда мангу қолди, – дейди В. Шаманов. – Космонавтика тарихидаги бу ютуқ барчамиз учун қадрли. Ўзбекистонда Гагарин номи билан аталувчи обод шаҳар борлиги, бугун бу шаҳарда космонавтика музейи очилиши мамлакатда илм-фан тараққиётига берилаётган катта эътиборнинг ифодасидир.
Дарҳақиқат, Мирзачўл тумани маркази коинотга илк парвоз қилган инсон Юрий Гагарин номи билан аталиши, бу ерда унга маҳобатли ҳайкал қўйилганининг тарихий асослари бор. Ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ иттифоқ учун Мирзачўлни ўзлаштириш аҳамияти космосни ўзлаштиришга қиёсланиб, чўлда илк барпо этилган шаҳарча жаҳоннинг биринчи фазогири номи билан аталган эди. Бу эҳтиромнинг яна бир сабаби – Юрий Гагарин серқуёш Ўзбекистонни, унинг халқини севар, тез-тез меҳмонга келиб турарди. У 1961 йилдан 1968 йилгача республикамизга олти марта келиб, сафарлари давомида кўплаб жамоат, маданият ва санъат арбоблари, ёшлар, оддий одамлар, пахтакорлар орасидан дўстлар орттирган.
1974 йилда Мирзачўл тумани марказига шаҳар мақоми берилиб, Гагарин номи билан аталган. Шаҳарда биринчи фазогирга ўрнатилган ҳайкалнинг очилиш маросимида икки бора коинотга парвоз қилиб, икки марта Совет иттифоқи қаҳрамони бўлган космонавтлар Георгей Береговой ва Алексей Губарев иштирок этган.
Иттифоқ тарқалиши билан собиқ республикалар ўртасида сустлашиб қолган маданий алоқалар кейинги йилларда яна қайта тикланаётгани туфайли Россия ва бошқа давлатлардан биринчи фазогирнинг Мирзачўлдаги ҳайкалини зиёрат қилишга келувчилар кўпаймоқда.
2019 йил Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси таркибида космонавтлар – Владимир Жонибеков, Солижон Шарипов, Юрий Онуфриенко Мирзачўлга Юрий Алексеевич Гагарин ҳайкалини зиёрат қилиш учун келган эди.
Гагарин шаҳрида космонавтика музейини барпо этиш ташаббуси ҳам ушбу делагациянинг ўтган йилги ташрифи чоғида туғилган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Мирзачўл туман бўлинмаси билан Россиядаги “Зашитники отечество” (“Ватан ҳимоячилари”) фонди ўртасида Гагарин шаҳрида Космонавтика музейини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.
[gallery-2158]
Музейнинг барпо этилишида ушбу делегация раҳбари Владимир Шамановнинг ҳиссаси катта. У Мирзачўлда вояга етган, туман марказидаги 1-умумтаълим мактаби, сўнгра Чирчиқдаги ҳарбий билим юртини битирган.
Валадимир Анатольевич ҳар сафар Мирзачўлга келганда тарихий ватанида кейинги йилларда рўй берган катта ўзгаришлардан, ободликдан хурсанд бўлади. Бу ерда Космонавтика музейи ташкил этиш ташаббусини амалга оширишда ҳам яқин ҳамкорлик қилди.
Ўтган даврда туман маданият маркази учун икки қаватли замонавий бино барпо этилиб, унда ўлкашунослик ва космонавтика музейи ташкил этилди. Музей ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг космонавтика бўйича билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Музейдан космонавтика ютуқлари, унда Ўзбекистоннинг ҳиссаси, Мирзо Улуғбек, Беруний каби буюк алломаларнинг фалакиёт илми тараққиётидаги ўрнига бағишланган бўлимлар барпо этилган. Бу ерга қўйилган турли экспонатлар кишига космосни ўзлаштириш тўғрисида бой таассурот қолдиради.
Россиялик меҳмонлар ва тадбирнинг бошқа иштирокчилари музей фаолияти, кўргазма заллари билан танишди, ўзлари ҳам янги экспонатлар тақдим этди. Владимир Шаманов музейга Юрий Гагариннинг бир неча суратлари, Солижон Шарипов космосга парвозида олиб чиққан ўзбек дўпписини музейга совға қилди.
Меҳмонлар музей ходимлари, тадбир иштирокчилари билан самимий суҳбатлашди. Делегация аъзолари музейнинг фахрий меҳмонлар китобига самимий истакларини битиб қолдирди.
Россия делегацияси Самарқанд шаҳрига жўнаб кетди.
Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков(сурат), ЎзА