26 январь – Австралия куни
26 январь – Австралия куни, мамлакатнинг миллий байрами – биринчи колония ташкил топган кун сифатида нишонланади.
Келинг, ушбу сана тарихига назар соламиз. Австралиянинг шарқий соҳилини Жеймс Кук 1770 йил кашф этди ва бу ерни Янги Жанубий Уэльс деб атади.
Капитан Артур Филипп эса 1788 йил айнан 26 январда Сидней бандаргоҳига қўниб, биринчи колонияга асос солган. Айрим далилларга кўра, Австралия куни илк бор 1808 йилда нишонланган. 1818 йил 26 январь куни эса Жанубий Уэльс губернатори Лаклан Маккуори томонидан расмий тарзда байрам ташкил этилган.
Австралия (“Жанубий Ер”) атамаси денгизчи-саёҳатчи Мэтью Флиндерс ва Николь-Том Боден тадқиқоти натижасида XIX асрдан бошлаб қўлланган.
Шу куни Миллий байрам бутун мамлакат бўйлаб ўтади ва одатда, дастурдан расмий маросим, кўча концертлари, барбекю, спорт мусобақалари, фестиваллар ўрин олади. Австралия фуқаролигини бериш маросими ҳам шу кунга белгиланади.

Бу санани айрим австралияликлар – аборигенлар маъқулламайди, чунки улар яшил қитъада инглизлар пайдо бўлиши маҳаллий аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатган, деб ҳисоблайди.
Австралияда оммавий ахборот воситалари иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисмидир. Икки йирик медиа компания давлат томонидан молиялаштирилади: Австралия радио эшиттириш корпорацияси – ABC ва махсус эшиттириш хизмати.
Мамлакатда илк эшиттириш 1923 йил 13 ноябрь куни Сидней станциядан узатилган. ABC 1932 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Ҳозир ушбу тузилма йилига 1,18 миллиард долларлик бюджет билан минтақавий станциялар, шунингдек Австралия тармоғи ва радиоси орқали хорижга телевидение, радио, интернет ва мобил алоқа хизматини тақдим этади.
Кўрсатувлар 1956 йилдан йўлга қўйилган. Австралиянинг, деярли, бутун аҳолисига етиб борадиган давлат телевидениеси эфиридан ташқари учта етакчи тижорий телеканал ҳам мавжуд.
Австралия кундалик газеталари 2 та миллий, 10 та ҳудудий, 37 та вилоят ва 470 та бошқа маҳаллий ва шаҳар атрофидаги нашрлардан иборат. Барча йирик газеталар “News Limited”, Халқаро медиа холдинг – “News Corporation” шўъба корхонасига тегишли.
1831 йилдан нашр этиладиган “Сидней тонги хабари” (The Sydney Morning Herald), 1855 йилда ташкил этилган, ҳозир 600 минг ададда чиқадиган “Кундалик телеграф” (The Daily Telegraph), Мельбурндан 551 100 нусхада тарқатиладиган “Тонгги хабарчи” (Herald Sun), “Австралия молиявий шарҳи” (The Australian Financial Review) каби газеталарнинг ўқувчиси кўп. Табиийки, мамлакатда бир неча машҳур мустақил ахборот манбалари, онлайн журналлар ҳам бор.
Австралияда чоп этиладиган 1600 журналдан 30 таси 80 мингдан ортиқ ўқувчига эга.

“Австралия бирлашган матбуоти” (Australian United Press) агентлиги 1928 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ички ҳаёти ва вилоят газеталари учун хориждаги воқеалар ҳақида маълумот беради.
Австралия ахборот агентлиги (Australian Associated Press) – “AAP”га эса 1935 йил Кейт Мердок асос солган.
“AAP”да Шимолий ҳудуддан ташқари Австралиянинг барча штатлари ва минтақаларидаги идораларда ишлайдиган 80 га яқин журналист ишлайди. Янги Зеландия ва Лондонда ҳам мухбирларига эга агентлик АҚШ, Европа, Осиё ва Африка хабарлар тармоғидан фойдаланади. Сайт маҳаллий ва хорижий янгиликларни узатишда йирик халқаро ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилади.
Видео ва визуал хизматларни йўлга қўйган “AAP” асосий эътиборни сўнгги янгиликларга қаратади. Шу билан бирга суд ҳисоботи, спорт, сиёсий-ижтимоий янгиликлар, бадиий ҳикоя ва фотосуратларга ҳам кенг жой ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Австралия билан 1991 йил 26 декабрда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида хатлар алмашинуви воситасида дипломатик муносабат ўрнатган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА