Кадастр агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ўзбошимчалик билан иморатлар қуриб олинишининг олдини олиш, давлат кадастрларини юритиш тартибига риоя этилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 24 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ерлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ер майдонларини асраб-авайлаш юзасидан ўтказилган мониторинг натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда 133 та ҳолатда 44,7 гектар ер майдони ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
– Таҳлилларга кўра, ана шу ер майдонларининг 5,21 гектари уй-жой ва нотурар объектлар қуриш, 0,8 гектари деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланиш, 36,6 гектар балиқ ҳовуз ташкил этиш ҳамда 2 гектари бошқа мақсадларда фойдаланиш учун эгаллаб олинганлиги маълум бўлди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов.
– Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган майдонларни 20,8 гектари экин ерлар, 3,1 гектари кўп йиллик дарахтзорлар, 0,04 гектари яйловзор, 21 гектари эса бошқа ерларни ташкил этган.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимликларига 52 та, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 47 та тақдимнома, шунингдек, 14 та ҳолатдаги қонунбузилишларга чора кўриш юзасидан тегишли судларга даъво аризалар киритилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 11 та қонунбузилиш ҳолати бартараф этилиб, ер майдонлари олдинги ҳолатига қайтарилди.
–Ўтказилган мониторинг натижалари ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан бирмунча камайганлигини кўрсатади. Масалан, 2020 йил давомида жами 780 та ҳолатда 80 гектар майдонларни ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланган эди.
Аниқланган ноқонуний ҳолатларни бартараф этиш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида 320 та ҳолат бўйича 43,4 гектар ер майдонидан фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузилишлар бартараф этилган. Шунингдек, бу каби ҳолатларни мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан 460 та ҳолатда тегишли суд органларига даъво аризалари киритилган.
Бундан ташқари, 76 нафар ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга асосан, 465 нафар ердан фойдаланувчи эгалигидаги 114,2 гектар майдонни, яъни “Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан мурожаат этмаган жисмоний шахслар”га нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.
Ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ташкил этиш бўйича туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Тизим ходимлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш, давлат кадастрини юритиш тартибларига риоя этилиши, айниқса, экин экиладиган қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали, қонуний фойдаланиш бўйича аҳоли, мутасаддилар ўртасида кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги, бу борадаги салбий ҳолатларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.
Умуман, Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан ер ва бино-иншоотлар ҳисобини юритиш, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, бу борадаги қонунларга амал қилиш, тегишли қарорлар ижросини таъминлаш бўйича зарур барча ишлар белгиланган тартиблар доирасида олиб борилмоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА