Хитой ва Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида рекомбинант вакцина яратилди. Хитойнинг «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co ltd» компанияси раҳбари Ли Вансзюннинг маълум қилишича, тез кунларда Ўзбекистонга ана шу вакцинадан 3,5 миллион доза юборилади.
Хитойда мазкур ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан бир миллион киши эмланган. Вакциналаштириш натижасида жиддий ножўя таъсирлар қайд этилмаган.
Ўз навбатида, Л.Вансзюн Ўзбекистонда бошланган вакцина қилиш жараёнига малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда катта эътибор билан жараённи амалга ошириши лозимлигига эътибор қаратди. Вакцинацияни тўғри ташкил этиш эмлаш натижасида кузатилиши мумкин бўлган аллергик реакцияларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.
Инновацион ривожланиш вазирлигидан маълум қилишларича, ҳозирга қадар Ўзбекистонда ҳам мазкур вакцина синовларида 7 минг нафар кўнгилли иштирок этди. Мазкур тадқиқот вакцинанинг юқори даражада хавфсиз эканини намоён этди.
Шунингдек, Хитой Фанлар академияси ҳамда дунёнинг 40 га яқин халқаро илмий ва олий таълим муассасалари томонидан ташкил этилган Халқаро илмий ташкилотлар альянси – Alliance of International Science Organizations (ANSO) раҳбари Цзинхуа Цао Ўзбекистон биринчилардан мазкур вакцина синовларида муваффақиятга эришганини қайд этди.
“Zhifei Longcom” компанияси Ўзбекистоннинг вакцинага бўлган ички талабларини қондириш йўлида барча имкониятларни ишга солишига ишонч билдирди.
ЎзА