![](https://cdn.uza.uz/2021/03/29/08/07/2dx4XJV9oRs3bNEnRBRFY9FkNtUO3Nn3_normal.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилиши ўтказилди.
Олий Мажлис Сенати раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтди.
- Коррупция – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли ҳодиса, — деди Т.Норбоева. — Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилди. Олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтингларда ҳам сезилди. Жумладан, “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил учун эълон қилинган коррупция билан боғлиқ индексда мамлакатимиз ўрни 7 поғонага яхшиланиб, 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллади (2019 йилда 153-ўрин).
Бироқ давлат раҳбарининг 2020 йил 2 июндаги тегишли фармонида тасдиқланган самарадорлик кўрсаткичига (KPI) ҳали эришилмади. Фармонда 25 баллдан 27 баллга кўтарилиш вазифаси қўйилган. Лекин бор-йўғи 1 баллга (26 балл) кўтарилиш қайд этилган, холос.
Сенат раиси амалга оширилаётган ишларга қарамасдан коррупцияга қарши курашишда катта ўзгаришга эришилмагани, бундай жиноятлар ҳали камаймаганини қайд этди.
2020 йилда судлар томонидан коррупция билан боғлиқ 2 минг 270 шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган.
Жиноятлар орасида пора бериш (211-модда) – 1 минг 56, мансаб сохтакорлиги (209-модда) – 825, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда) – 184, пора олиш (210-модда) — 133 шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган.
Таҳлилларга кўра, коррупция билан боғлиқ жиноятлар асосан ишсизлар (23 фоиз), таълим (17 фоиз), тиббиёт (7 фоиз), банк (5 фоиз), қурилиш (3 фоиз), ички ишлар (3 фоиз) тизими ходимлари томонидан содир этилган.
Ушбу жиноятларнинг 89,4 фоизи қуйи бўғин (туман, шаҳар ёки уларга тенглаштирилган), 9,2 фоизи ўрта бўғин (вилоят ёки уларга тенглаштирилган), 1,4 фоизи юқори бўғин (республика ёки унга тенглаштирилган) ходимлари ёки мансабдор шахслари томонидан содир этилган.
Сенат раиси бундай ҳолатларга чек қўйиш бўйича таъсирчан механизмларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади. Тегишли ташкилотларга ушбу масалада аҳоли фикрини ўрганган ҳолда Миллий кенгашга тақдим этиш вазифаси топширилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА