Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор билан учрашди.
Учрашувда давлатимиз раҳбарининг Олис Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қийноқлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани эътироф этилди. Мамлакатимизда Омбудсман институти зиммасига қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш бўйича қатор вазифаларни юклаш билан бир қаторда, унинг ваколатларини кенгайтириш масаласи илгари сурилаётгани қайд этилди.
Тадбирда Омбудсман институтининг халқаро позицияси мустаҳкамланиши, хусусан, Омбудсманнинг “Б” мақомга кўтарилишида амалий ёрдам кўрсатганлиги учун Жон МакГрегорга Омбудсман ўз миннатдорчилигини билдирди. Ўз навбатида, Жон МакГрегор ҳам Омбудсман институтини “Б” мақомга кўтарилганлиги билан табриклади.
Жон МакГрегор шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги маърузаси халқаро ҳамжамият томонидан юқори даражада баҳоланганлигини эътироф этди.
Учрашув давомида жорий йилда Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида режалаштирилган ташаббуслар ҳамда 2020 йилда Вакил номига юборилган мурожаатлар таҳлили борасида ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати.
ЎзА