
Бухоро вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судига ҳисобот даврида жами 7 минг 740 та даъво аризаси келиб тушган.
Ўтган йилдан 2021 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 386 тани ташкил этади. Шундан 6 минг 740 таси иш юритишга қабул қилинди. Ҳисобот даврининг охирига қадар 6 минг 584 таси кўриб чиқилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 5 минг 448 тага ёки 70,3 фоизга кўпайган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида кўрилган 6 минг 584 та ишларнинг 4 минг 452 таси ёки 67,6 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 292,8 миллиард сўм ҳамда республика бюджетига 11,5 миллиард сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 1,09 миллиард сўмни ташкил этган.
Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларида кўриш муддати бир йилдан ошган иқтисодий ишлар ҳамда тугатиш ишлари бир йилдан ошган банкротлик ишлари мавжуд эмас. Биринчи инстанция судларида кўрилган ишлар сони 70,3 фоизга кўпайган. Суд қарорлари устидан шикоятлар келиши ҳам мос равишда кўпайган.

Судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан қабул қилинган суд хужжатлари устидан келиб тушган жами 213 та шикоятларнинг 44 таси ёки 20,7 фоизи бекор килинган ва ўзгартирилган. Бу жами кўрилган ишларнинг 0,7 фоизини ташкил қилади. Жумладан, жами 186 та суд ҳужжатлари апелляция инстанцияси судида қайта кўрилиб, 157 таси ёки 84,4 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган. 10 таси ёки 6,3 фоизи ўзгартирилган ҳамда 19 таси ёки 10,2 фоизи бекор қилинган.
Жами 27 та суд ҳужжатлари Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида қайта кўрилган. 12 та ёки 44,4 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган. 3 таси ёки 11,1 фоизи ўзгартирилган, 12 таси ёки 44,4 фоиз суд ҳужжатлари бекор қилинган.

Ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларга нисбатан жами 111 та таъсир чораси қўлланилган. Хусусан, 13 та маъмурий қарорлар қабул қилинган. 32 та моддий, 17 та интизомий чора қўллаш ҳақида ҳамда 49 та аниқланган қонунбузарликларнинг олдини олиш ва келгусида такрорланмаслиги юзасидан хусусий ажрим ва тақдимномалар чикарилган.
Бухоро вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан 24 та иқтисодий ишларнинг процессуал муддатларига риоя қилинмаган. Бунда муддати бузилиб натижаси топширилган ишлар сони 18 тани, юбориш муддати бузилиб, тарафларга якуний суд ҳужжатларини кеч юборилган ишлар сони 6 тани ташкил қилади.
Статистик маълумотларга қараганда 2021 йилнинг олти ойи давомида Бухоро вилояти ҳамда туманлараро иқтисодий судларига жисмоний ва юридик шахслар вакилларидан жами 211 та ёзма мурожаатлар келиб тушган. Шундан 195 таси вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, 10 таси Бухоро туманлараро иқтисодий суди, 4 таси Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди, 1 таси Когон туманлараро иқтисодий суди ҳамда 1 таси Қоракўл туманлараро иқтисодий судига тўғри келади. Ушбу мурожаатлар тўлиқ ўрганилиб, муаллифларга батафсил жавоб хатлари берилган.
Ҳисобот давридаги ёзма мурожаатларнинг 166 таси Президент виртуал қабулхонаси ва ишонч телефони, 11 таси Халқ қабулхонаси орқали, 16 таси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси орқали келиб тушган. Қолган 18 та мурожаат бевосита тегишли судлар номига йўлланган.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА