Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг “Йил танлови – 2020” тадбирида “2020 йилнинг энг намунали давлат ташкилоти” аниқланди.
Танловнинг бу йўналиши бўйича биринчи ўрин - Давлат хизматлари агентлигига насиб қилди.
Мукофот Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиевга топширилди.
Бундан уч йил аввал давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ этиш сари дадил қадам қўйилди.
Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари аҳоли учун муҳим ва керак бўлган давлат хизматларини олиши мумкин бўлган жойга айланишга улгурди.
Мамлакатимизнинг ҳар бир туманида жами бўлиб 203 ДХМ ишлаб турибди. Бу ерда инсон кундалик ҳаётида зарур бўлган 150 турдаги давлат хизматларини ортиқча оворагарчиликсиз ва энг муҳими, яшаш жойидан қатъий назар экстерриториал тамойили асосида олиши мумкин.
Ўтган 3 йил давомида давлат хизматлари марказлари орқали 25 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилди.
Жаҳон банкининг эълон қилинган “Бизнесни юритиш 2020” рейтингининг Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон Республикаси 190 та давлатлар ичида 8-ўринни эгаллади.
Давлат идоралари ичида биринчилардан бўлиб, агентлик томонидан “мобиль”, яъни сайёр давлат хизматлари йўлга қўйилди.
Муаттар Бурҳонова, Оқил Ғуломов(сурат), ЎзА