21 миллиард сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўзагросуғурта" АЖ компанияси ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Қобилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, бозорда биринчилардан бўлиб “UZINSURANCE” компанияси томонидан вакцина қабул қилган шахснинг меҳнат қобилиятини йўқотиши ёки вафот этиш ҳолатларидан суғурта қилиш жорий этилган. Суғурта полисининг қиймати атиги 5 ва 10 минг сўм бўлиб, бунда суғурта жавобгарлиги 25 ва 50 миллион сўмни ташкил этади. Суғурта шартномасини расмийлаштириш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат, вакцина олиш жараёни билан боғлиқ маълумотлар талаб этилади.
Бугунга кунга қадар компания томонидан мижозларга 21 миллиард сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди. Жорий йилнинг шу даврига қадар компанияга 4 минг 899 та мурожаат келиб тушган. Шундан 3 минг 249 таси қаноатлантирилди. Уларнинг аксарияти суғурта товонларини тўлаб бериш билан боғлиқ.
Шунингдек, 289 та ҳолатда суғурта товонлари тўланмай қолган. Бу тўловлар амалга оширилмайди дегани эмас, албатта. Суғурта ҳодисаси тан олинган ҳисобланади. Тўланмай қолишининг объектив ҳамда субъектив сабаблари бўлиши мумкин. Масалан, суғурта ҳодисасини тасдиқловчи ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда тўловлар кечикиши амалиётда кўп кузатилади. Айни пайтда ҳаттоки, компания мутахассислари мижозларга керакли ҳужжатларни тўплашда кўмаклашаётганини эътироф этиш лозим.
Бевосита тўлов суммаларига келадиган бўлсак, мижозларга тўлаб берилган 21 миллард сўм суғурта қопламаларидан 9 миллиард сўми мажбурий суғурта турларига тўғри келади. Қишлоқ хўжалигини суғурталашда жами 4,5 миллиард сўмлик суғурта қопламалари амалга оширилган бўлса, суғуртанинг бошқа турлари бўйича 8 миллиард сўмдан ортиқ зарарлар қоплаб берилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА