Осиё Олимпия кенгаши Бош Ассамблеяси йиғилишида онлайн тарзда иштирок этган Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Олимпия ўйинлари кетма-кет уч бор Осиёда - 2018 йил Жанубий Кореянинг Пхёнчхан, кейин Хитойнинг Пекин шаҳарларида қишки, ўтган йил Токиода ёзги Олимпиада ташкил этилиши Халқаро олимпия ҳаракатида мисли кўрилмаган воқеа бўлганини таъкидлади.
"Уч йил оралиғида осиёликлар мураккаб вазиятга қарамай, учта Олимпиадани зўр муваффақият билан ўтказиши қитъадаги барча олимпия жамоаларининг ютуғидир, деган ХОҚ раҳбари.
Ушбу хабарни тарқатган “insidethegames” сайти ёзишича, навбатдаги йиғилишда, шунингдек, 2029 йилги қишки Осиё ўйинлари манзили ҳам эълон қилинди.
Махсус тақдимот ҳамда делегатлар овози натижасида Саудия Арабистонида ҳали қуриб битказилмаган Сироат тоғ тизмаси бағрида жойлашган Троен мажмуаси қишки Осиё ўйинлари маскани сифатида танланди.
Айтиш жоиз, ушбу иншоот Форс кўрфазидаги биринчи очиқ чанғи курорти бўлиб, Сироат тоғи бағрида бунёд этилаётган 500 миллиард доллар қийматга эга “Neom” қурилиш лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.
Т. Рўзиев, ЎзА