2026 йилги Президент Олимпиадаси старт олди
Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Олимпия шаҳарчасида Президент Олимпиадасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Стадионда ҳудудий терма жамоалар, шунингдек, 2026 йилги Осиё ва Параосиё ўйинлари ғолиблари саф тортди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида иштирокчиларни иккинчи бор ўтказилаётган Президент Олимпиадаси билан табриклади.
Жорий йилги беллашувларда 3,5 мингдан зиёд ёш спортчи олимпия ва паралимпия йўналишидаги 26 та спорт тури бўйича куч синашади. Уларга 1,5 минг нафар мураббий ҳамроҳлик қилмоқда.

Президентимиз мамлакатимизда оммавий спортдан профессионал спортгача, иқтидорларни саралашдан халқаро мусобақаларга тайёрлашгача бўлган яхлит тизим яратилганини таъкидлади. Ўтган ўн йилда ўзбекистонлик спортчилар йирик халқаро мусобақаларда 5 минг 518 та, жумладан, 1 минг 675 та олтин медални қўлга киритди. Бу аввалги ўн йилликка нисбатан уч баравар кўп. Медалларнинг учдан бири спортчи қизларимиз ҳиссасига тўғри келади.
Яқинда Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида йигитларимиз иккинчи бор ғолиб бўлгани қайд этилди. Япониядаги XX ёзги Осиё ўйинларида эса Ўзбекистон терма жамоаси 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади.

Параспортчиларимизнинг матонати ва маҳорати ҳам юқори баҳоланди. Улар Параосиё ўйинларида 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза — жами 145 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Давлатимиз раҳбари спортчилар, уларнинг устоз ва мураббийлари ҳамда фарзандларининг орзусини қўллаб-қувватлаб келаётган ота-оналарга миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон йирик халқаро мусобақалар ўтказиладиган спорт марказига айланиб бораётгани таъкидланди. Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда жаҳон ва Осиё миқёсидаги 20 га яқин мусобақа ташкил этилди. Келгуси йил сентябрь-октябрь ойларида Ўзбекистон Озарбайжон билан биргаликда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига илк бор мезбонлик қилади.
Президентимиз ёш спортчиларга мурожаат қилиб, юксак натижага кучли ирода, интизом ва тинимсиз меҳнат билан эришилишини қайд этди.

– Ўзингга ишон! Ўз устингда ишла! Ўз юртингга муносиб бўл! Бу сўзлар ҳар бирингизнинг ҳаётий шиорингизга айлансин, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент Олимпиадаси иштирокчилари учун янги имконият ва рағбатлар эълон қилинди. Келаси йилдан ғолиб ва совриндорларнинг пул мукофотлари 2,5 баравар оширилади: биринчи ўрин учун 25 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 12 миллион сўм, учинчи ўрин учун 6 миллион сўм берилади.

Мусобақада ғолиб бўлиб, Ўзбекистон рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олий таълим муассасаларининг спорт йўналишларига имтиҳонсиз, давлат гранти асосида қабул қилинади. Келгусида спорт турлари 35 тага етказилиб, унда 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчилар қатнашади.
Ҳар йили Олимпиада ғолибларидан 50 нафари хориждаги халқаро ўқув-машғулот йиғинларига юборилади. Келаси йилдан ғолибларга бир йиллик стипендия тайинланади. Ўз йўналишида энг яхши натижага эришган спорт мактаблари зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Шунингдек, пойтахтдаги Олимпия шон-шуҳрати музейи Олимпия шаҳарчасига кўчирилиши маълум қилинди. Бу ёш спортчиларга чемпионларимиз тарихи ва ютуқлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Президентимиз ёшларни очилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга, ҳалол беллашишга, ота-она ва устозларини қадрлашга даъват этди.

– Мусобақа майдонида муносиб рақиб, ҳаётда эса яхши дўст бўлинг, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилги Президент Олимпиадасини очиқ деб эълон қилди. Давлат мадҳияси янгради.

Маросим концерт дастури билан давом этди. Тадбир якунида Президент Олимпиадасининг машъаласи ёқилди.