Жиноятчилик – замон билан бирга ўсаётган мураккаб муаммо. Янги таҳдидлар, киберфирибгарликлар, вояга етмаганлар жиноятчилиги…
Криминология тадқиқот институтида бўлиб ўтган пресс-турда журналистлар илмий тадқиқотлар орқали жиноятчиликнинг асл илдизларини очиб беришга хизмат қилаётган мутахассислар билан юзма-юз бўлишди.
Очиқ мулоқот давомида реал фактлар ва келажак прогнозлари ҳам баён қилинди.
Унга кўра, 2025 йил ва 2026 йил якунига қадар жиноят кодексининг махсус қисмида мавжуд бўлган 53 та жиноят тури бўйича ўсиш, 191 та жиноят тури бўйича пасайиш, 46 та жиноят турлари эса умуман қайд этилмаслиги кутилмоқда. Ҳудудий кесимда эса айрим вилоятларда бир қатор жиноятларнинг ўсиши кутилмоқда ва улар орасида Самарқанд вилояти, Наманган, Сирдарё, Бухоро, Андижон вилояти ва Қорақалпоғистон республикаси етакчилик қилиши мумкин. Шу билан бирга, умумий республика бўйича жиноятчиликнинг 17,6 фоизга камайиши кутилмоқда.
Бу юзасидан Криминология тадқиқот институтида “Жиноятчиликни илмий тадқиқ қилишнинг долзарб масалалари”га бағишлаб ўтказилган пресс-турда маълум қилинди.
Жиноятчиликнинг замонавий кўринишларини чуқурроқ ёритиш ва илмий таҳлилларни кенг оммага етказиш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда ОАВ вакиллари, блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари ҳамда эскпертлар иштирок этдилар.
Дастлаб, институт раҳбари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, полковник Бахтиёр Бердиалиев институт фаолияти ва унинг вазифалари борасида тўхталиб ўтди.
Меҳмонларга институтнинг асосий вазифалари, илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари, халқаро рейтинглар билан ишлашдаги ёндашувлар тушунтирилди. Таъкидланишича, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия ва бошқа давлатлардаги криминология марказлари билан 15 га яқин ҳамкорлик лойиҳалари давом эттирилиб, айниқса, кибержиноятчилик, вояга етмаганлар жиноятчилиги ва реабилитация дастурлари бўйича илғор тажрибалар ҳам ўрганилмоқда.
Шу билан биргаликда, криминологик мониторинг бўлимида жиноятчилик бўйича статистик таҳлиллар, сўровномалар ва илмий прогнозлар намойиш қилинди. Криминоген ҳудудларни аниқлаш ва жиноят омилларини чуқур ўрганишдаги инновацион ёндашувлар иштирокчилар эътиборини тортди.
Журналистлар шунингдек, институтнинг илмий-ишлаб чиқариш лабораторияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Қайд этилишича, Президент фармонига мувофиқ ташкил этилган ушбу бўлим криминологик фаолиятни илмий асосда қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлиб, лаборатория олимлар учун илмий-тадқиқот ишлари ўтказиш, янги техник воситаларни яратиш ва синовдан ўтказиш учун барча зарур шароитлар билан жиҳозланган.
Шу асосида бугунги кунда лабораторияда 30 га яқин тайёр техник ечимлар ишлаб чиқилган ва яна 9 та янги лойиҳа устида ишлар давом этмоқда.
Улар орасидан журналистлар “Пичоқка қарши ҳимоя қалқони” (ҳужумни аниқлаб, зарбани бартараф этувчи мослама), “Робот ИИБ ходими” (хавфли вазиятларда жиноятчиларни автоматик ушлаб қолиш имконига эга мобил платформа), “Тинчлантирувчи соат” (қўпол хатти-ҳаракатни аниқлаб, вазиятни барқарорлаштиришга мўлжалланган қурилма), “Ёлғонни аниқловчи тизим” (тана реакцияларига асосланиб ёлғонни аниқлашга ёрдам берувчи инновация) ҳамда “Анти-ҳалокат” (транспорт воситаларида йўловчиларни хавф-хатар ҳақида огоҳлантирувчи мослама) қурилмалари билан таништирилдилар.
Лаборатория ишланмаларининг бир қисми аллақачон республиканинг 14 та ҳудудида ички ишлар органлари ва пробация хизматларида амалиётга жорий этилган.
Кейинги босқичда ОАВ вакилларини замонавий жиноятлар ва илмий прогнозлар билан таништириш мақсадида матбуот анжумуни ҳам ташкил этилди.
Унда институт раҳбари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори — Б.Бердиалиев жиноятчиликнинг ҳозирги тенденциялари, сабаб-оқибатлари ва хавф омиллари бўйича илмий асосланган таҳлилий маълумотларни тақдим этди. Шу билан биргаликда, мулоқот давомида кибержиноятлар, фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари, хавфли ҳудудларнинг “маҳаллабай” назорат тизими орқали кузатиб борилаётгани, вояга етмаганлар жиноятчилиги ва унга сабаб бўлаётган омиллар ҳамда трансмиллий жиноятларнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишини олдини олиш бўйича илмий тавсиялар муҳокама қилинди.
Институт раҳбари Бахтиёр Бердиалиевнинг таъкидлашича, илмий прогнозлар 2025–2026 йилларда айрим жиноят турларида ўсиш, айримларида эса камайишини кўрсатмоқда.
Хусусан, 2025 йил охирига қадар 15 турдаги жиноятлар кўпайиши мумкин. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти натижасида аниқланиши кутилаётган 40 турдаги жиноятлар бўйича ҳам ўсиш прогноз қилинмоқда. Булар қаторига наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар, пора олиш, товламачилик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар киради. Шу билан биргаликда, криминологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Жиноят кодексининг махсус қисмида мавжуд 290 та жиноят туридан 53 та жиноят тури бўйича ўсиш, 191 та жиноят тури бўйича пасайиш, 46 та жиноят турлари эса умуман қайд этилмаслиги эҳтимоли мавжуд. Ҳудудий кесимда эса айрим вилоятларда бир қатор жиноятларнинг ўсиши тадқиқ этилган. Улар оарсида Самарқанд вилояти, Наманган, Сирдарё, Бухоро, Андижон вилояти ва Қорақалпоғистон республикаси етакчилик қилиши мумкин. Шу билан бирга, умумий республика бўйича жиноятчиликнинг 17,6 фоизга камайиши кутилмоқда.
Ушбу ижобий прогноз биринчи навбатда Президент қарорларининг ижросини таъминлаш, ҳукуматнинг сиёсий иродаси ва тегишли органларнинг масъулият билан ишлаши, шунингдек, назоратнинг кучайтирилгани билан боғлиқлиги таъкидланди. Тадқиқотлар давомида юзага келган прогнозлар ҳамда содир этилиши мумкинлиги кутилаётган жиноятларнинг олдини олиш бўйича эса зарур чоралар ишлаб чиқилаётгани ва амалга оширилиши айтилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ahSMpkUf0xs" title="Jinoyatchilik 17,6 % ga kamayishi kutilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, А.Содиқов, У.Тўхтаев, ЎзА