Мамлакатнинг қудрати, миллатнинг буюклиги илм-фан ва таълим-тарбия билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис, юртимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, мактабгача таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда болалар боғчалари сони 8 баробар ошиб, 38 мингтага, қамров эса 27 фоиздан 76 фоизга етди. Мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Ёшларга иккинчи хорижий тил ва касб ўргатиш кенгайтирилди. Илк бор 530 та мактабда инклюзив таълим йўлга қўйилди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда мактабгача ва мактаб таълими вазири биринчи ўринбосари Ш.Каримовнинг “Мактабгача ва мактаб таълими тизимида эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Ахборотда қайд этганидек, 2025 йилда янги баҳолаш тизими жорий этилган умумтаълим мактаблари сони 1 минг 500 тадан 3 мингтага етказилади, 257 номдаги янги дарслик мажмуалари яратилади. Иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар сони 420 тага, касб-ҳунарга ўргатиладиган мактаблар сони 400 тага етказилади. Хусусий мактаблар сони 700 тага ва улардаги ўқувчилар қамрови 150 минг нафарга етказилади.
Шунингдек, Инвестиция дастури доирасида 26 та янги умумтаълим мактаби қурилиши ва 320 тасини реконструкция қилиш орқали 120 минг 943 нафар, шунингдек, 54 та педагогик коллеж биносини умумтаълим мактабига айлантириш орқали 32 минг 905 нафар ўқувчи ўрни яратилади.
Республикамизнинг 4 та ҳудудида янги ихтисослаштирилган мактаб, 9 та ҳудудида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб, Тошкент вилояти Чиноз туманида Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ва хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилади.
Эшитувда таъкидланганидек, “Таълим барча учун тенг” тамойили асосида инклюзив таълим тизими жорий этилган умумтаълим мактаблари сони 1 минг 900 тага етказилади. Шунингдек, ушбу тизим 208 та давлат мактабгача таълим ташкилотида жорий этилади. Умумтаълим мактабларига педагог кадрларни махсус платформа орқали танлов асосида ишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилади. Мактабгача таълим билан қамров даражаси 78 фоизга етказилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА