Марказий банк 2025 йилда макроиқтисодий ривожланишдаги ноаниқликлар ва рискларни эълон қилди.
2025 йилнинг биринчи ярмида инфляцияга мавсумий характерга эга таклиф омиллари таъсирининг камайиб бориши, нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ҳамда макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши инфляцион кутилмаларнинг пасайишига ёрдам беради.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига умумий инфляция 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Келгусида юқоридаги ўзгаришларнинг базавий инфляцияга иккиламчи таъсирлари даражаси пул-кредит шароитлари йўналишларини белгиловчи муҳим омил бўлади.
2025 йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий инвестициялар ортиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, товар ва хизматлар таклифининг ортишига хизмат қилади. Шу билан бирга, келгуси чоракларда жаҳон бозорида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўсиши бўйича хатарлар импорт нархлари орқали инфляцияга оширувчи таъсирга эга бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, дунёда протекционистик кайфиятнинг кучайиши ва савдо чекловларининг ортиши глобал таъминот занжирларида муаммоларга олиб келиши мумкин. Бу, ўз навбатида, глобал инфляциянинг ҳозирги пасайиш тенденциясини ўзгартириб, инфляция босимининг узоқроқ муддат сақланиб қолиши эҳтимолини ошириши мумкин.
Бундан ташқари, глобал инфляция рискларининг кучайиши шароитида марказий банклар пул-кредит сиёсатини юмшатишни кечиктириши мумкин, бу эса арзон пулга эгаликни қийинлаштиради.
Дунёда давом этаётган геосиёсий кескинликлар (можаролар, санкциялар, савдо урушлари) ҳам хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг янада ошишига олиб келиши мумкин. Хусусан, жаҳон бозорида озиқ-овқат нархининг ўсиши келажакда Ўзбекистонда ички нархларга босимни кучайтириши мумкин.
Бундан ташқари, санкциялар хавфининг ортиши тўловлар ва етказиб беришдаги кечикиш туфайли ташқи савдо ва пул ўтказмаларига салбий тасир кўрсатади.
“Энергетика ислоҳоти”нинг навбатдаги босқичида 2025 йил апрель ойида юридик шахслар учун энергия тарифларининг ўзгариши ишлаб чиқариш таннархининг ошишига ва хўжалик юритувчи субъектлар инфляцион кутилмаларининг тезлашишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, апрель ойида компрессор ёнилғи қуйиш шохобчалари учун табиий газнинг улгуржи нархи ошиши, ўз навбатида, транспорт харажатларининг ўсиши натижасида маҳсулот таннархига таъсир қилиши мумкин.
Қолаверса, иқтисодиётдаги юқори инвестицион фаоллик ва аҳоли реал даромадларининг сезиларли ўсиши истеъмол талабини қўллаб-қувватлашда давом этиши мумкин, бу эса келажакда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолишига, яъни инфляциянинг ошишига олиб келади.
Ўзбекистонда 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархларининг навбатдаги оширилиши режалаштирилган. Ўтган йилнинг ноябрида Марказий банк 2025 йил ва 2026−2027 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлаган эди. Унда иқтисодий ривожланишнинг асосий, муқобил ва хавфли сценарийлари назарда тутилган.
Инфляция жараёнларининг умумий пасайишига қарамай, 2027 йилга бориб инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли даражасига эришишни секинлаштириши мумкин бўлган ички ва ташқи омилларнинг таъсири эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат нархларига таъсир қилади. Масалан, 2022 йил бошида об-ҳавонинг ғайритабиий совуқ бўлиши ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатган, 2023 йилда эса беқарор иқлим шароити мева-сабзавот ҳосилдорлигини пасайтириб, нархлар ошишига сабаб бўлди. 2024 йилда яхши шароитлар озиқ-овқат маҳсулотларига деинфляция таъсирини кўрсатди. Келажакда иқлимнинг беқарорлиги инфляцияни ошириши мумкин.
Фаол ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар вақтинча инфляция кутилмалар ва асосий инфляцияга босимни ошириши мумкин. Агар инфляция узоқ вақт давомида юқори даражада сақланиб қолса, Марказий банк пул-кредит сиёсатини кучайтиришга мажбур бўлади.
Агар жиддий рисклар юзага келса, рағбатлантирувчи бюджет сиёсатини кучайтириш мумкин, бу эса таклиф чекланган ҳолда талабнинг ошишига олиб келади. Бу қўшимча инфляция босиминикелтириб чиқаради ва бюджет тақчиллигининг ортиб кетишига олиб келиши мумкин.
Энергия хатарларига қуйидагича изоҳ берилган. Чекланган таъминот шароитида энергия ресурсларига талабнинг ортиши тақчиллик ва узилишларга, ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига ва инфляция босимининг кучайишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда пул-кредит сиёсатининг самарадорлиги пасаяди.
Охирги марта тарифлар ўтган йилнинг май ойида, ижтимоий нормалар жорий қилинган пайтда кўрсатилган эди.
Аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергиясининг базавий (ижтимоий меъёр доирасида) нархи 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5 фоиз), 1 куб метр газнинг нархи 380 сўмдан 650 сўмга (+71 фоиз) ошган. Истеъмол ҳажми кўпайгани сайин тариф бир неча баробар ортади. 1 апрелдан электр энергиясига (ойига 200 кВт/соат доирасида) базавий тариф яна 33,3 фоизга — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун — 650 сўмдан 1000 сўмга (+53,8фоиз) ошади.
Апрелда электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши инфляциянинг қўшимча 1,8−1,9 фоиз пунктига кўтарилишига олиб келади. Бу жорий йил учун 7−8 фоиз атрофида бўлиши кутилаётган инфляция прогнозида аллақачон ҳисобга олинган.
Қайд этилишича, 2025 йилда бюджет тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 3 фоиз атрофида шаклланиши белгиланган бўлиб, фискал консолидация давом эттирилади. Фискал харажатларнинг оптималлашиши фонида давлат истеъмоли харажатлари ўсиши реал ҳисобда 2024 йил кўрсаткичлари доирасида бўлиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА