2025 йил давомида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 21,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 29 фоизга ошган
2025 йилнинг IV чорагида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли даражада ошди. Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти томонидан тайёрланган таҳлилий ҳисоботга кўра, бозорда ўсиш суръатлари йил давомидаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди.
Ҳисоботга кўра, IV чорак давомида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 89,7 мингтани ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,5 фоиз ўсиш демакдир.
Йил бошидан буён эса мамлакат бўйича жами 319,5 мингта битим қайд этилган бўлиб, бу 15,8 фоизлик ўсишни англатади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Бухоро (25,6 фоиз), Сирдарё (23,1 фоиз), Самарқанд (19,2 фоиз), Жиззах (17 фоиз) ва Хоразм (16,4 фоиз) вилоятларида кузатилди. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона вилоятида эса ўртача 15,5 фоиз ўсиш қайд этилган.
Мутахассислар буни ҳудудларда инфратузилманинг яхшиланиши, аҳоли даромадларининг ўсиши ва қурилиш ҳажмининг кенгайиши билан изоҳламоқда.
Таҳлилларга кўра, кўчмас мулк бозоридаги асосий драйверлардан бири ипотека кредитларидир. 2025 йил давомида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 21,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 29 фоизга ошган.
Ипотека кредитларининг жами уй-жой олди-сотдидаги улуши 22 фоизга етган (2024 йилда 21,3 фоиз бўлган).
Шу билан бирга, аҳоли даромадларининг ўсиши ҳам бозор фаоллигига кучли таъсир кўрсатган. IV чоракда реал даромадлар 9,2 фоизга ошгани аҳоли харид қобилиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаган.
Йил давомида қурилиш соҳасидаги фаоллик ҳам юқори даражада сақланиб қолди. Мамлакат бўйича фойдаланишга топширилган уй-жойлар умумий майдони 15,9 млн. квадрат метрга етди (7,2 фоиз ўсиш). Айниқса Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари янги уй-жойлар қурилиши бўйича етакчи ҳудудлар қаторида қайд этилган.
Кўп қаватли уй-жой бозорида нархлар турлича динамикани намоён қилди. Доллар ҳисобида бирламчи уйлар 5,7 фоизга, иккиламчи уйлар эса 7,9 фоизга қимматлашган.
Сўм ҳисобида эса нархлар нисбатан барқарор шаклланган: бирламчи бозорда -1,3 фоиз, иккиламчи бозорда 0,7 фоиз ўсиш кузатилган.
Бу ҳолат таҳлилчилар фикрича, сотувчиларнинг нархни асосан хорижий валютада белгилаш амалиёти ҳамда валюта курсининг барқарорлашуви билан боғлиқ.
Ижара бозорида ҳам ижобий тенденция сақланиб қолган. Йил якунига кўра, республика бўйича ижара нархлари долларда 8,3 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида ижара бозори барқарор ўсишда бўлиб, талаб ва таклиф нисбатан мувозанатда сақланмоқда.
Тошкент шаҳрида ер участкалари нархи йил давомида 9,4 фоизга пасайган. 100 квадрат метр ернинг ўртача нархи 319 млн. сўмни ташкил этган.
Пасайиш асосан шаҳар чекка ҳудудларида ер таклифининг кўпайиши ва марказий ҳудудларда камайиши билан изоҳланмоқда.
Марказий банк таҳлилларига кўра, кўчмас мулк бозорида нафақат нархлар, балки таркибий ўзгаришлар ҳам кузатилмоқда. Харидорлар учун ҳудуд, инфратузилма, қурилиш сифати ва лойиҳа тури тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, сўнгги йилларда янги қурилган уйлар билан иккиламчи бозор ўртасидаги фарқ ҳам қайта шаклланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, 2025 йил IV чораги натижаларига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозори барқарор ўсиш ва юқори фаоллик босқичида давом этмоқда. Ипотека кредитлари, аҳоли даромадлари ва қурилиш соҳасидаги ўсиш бозорни қўллаб-қувватлаётган асосий омиллар бўлиб қолмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА