2024 йилги Бюджетнома такомиллаштирилмоқда
Давлат бюджети маблағларининг тўғри йўналтирилиши соҳа ва тармоқлар ривожида ғоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис Бюджетнома лойиҳасини тайёрлаш давомида унинг ҳар томонлама пухта ва ҳаётийлигини таъминлашга эътибор қаратиш зарур.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни муҳокама қилинди. Жумладан, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбааларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинди.
— Иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган таркибий ислоҳотлар, тармоқлар, соҳалар, кичик бизнес ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши, ўзаро мувофиқлашган пул-кредит ва фискал сиёсатнинг олиб борилиши мамлакатимиз иқтисодиётига ташқи хатарларнинг салбий оқибатларини юмшатиш имконини бермоқда, — деди қўмита раиси Ш.Назаров. — Қонун лойиҳасининг тегишли моддаларида акс эттирилган нормалар Президент фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари билан уйғун. Лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш иқтисодиётимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа муҳокамаларида депутатлар бюджет даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратдилар. Яширин иқтисодий фаолиятни мумкин қадар қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун тенг имкониятлар яратиш орқали солиқ базасини кенгайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, вазирлик ва идораларга ажратилиши кўзда тутилган бюджет маблағлари, ушбу бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, уларнинг натижадорлигини таъминлашга қаратилган таклиф-тавсиялар ўртага ташланди.
Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалар бўйича депутатлар томонидан кўтарилган масалаларнинг кўпчилиги эътиборга олингани эътироф этилди.
Якунда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА