Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжумани Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти таҳлили ва 2023 йилдаги устувор вазифалари хусусида бўлди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов мамлакатимизнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, 2022 йил якунларига асосан ялпи ички маҳсулот 5,7 фоиз, саноат маҳсулотлари 5,2 фоиз, қурилиш ишлари 6,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 3,6 фоизга, бозор хизматлари 15,9 фоиз, экспорт 23,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 12,3 фоиз ўсиш суръатлари таъминланган.
– Ялпи ички маҳсулот ўсишининг 55,1 фоизи хизматлар, 23,3 фоизи саноат, 15,5 фоизи қишлоқ хўжалиги ва 7,2 фоизи қурилиш соҳалари ҳиссасига тўғри келади. Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 2 минг 255 АҚШ долларни ташкил этди. 2023 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоиз, саноат маҳсулотлари 5,1 фоиз, қурилиш ишлари 6 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 3,5 фоизга, хизматлар 14,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жорий йилда жаҳонда кузатилаётган глобал инфляция шароитида мамлакатимизда инфляция кўрсаткичи йиллик 12,3 фоизни ташкил қилди, – деди Д.Султонов.
Анжуманда барча йўналишларда амалга оширилган ишлар ва эришилган кўрсаткичларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, 2022 йилда Ипотека дастури бўйича жами 855 миллиард сўм субсидиялар тўлаб берилган бўлса, фуқароларга ипотека кредитлари ажратиш учун тижорат банкларига 7,0 триллион сўм ресурс маблағлари ажратилган. Шу йилнинг 1-чораги давомида тижорат банкларига ипотека кредитлари ажратиш учун 1,6 триллион сўм ресурслар берилган.
[gallery-11184]
Тадбирда вазир ўринбосари давлат ташқи қарзи масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Тақдим қилинган маълумотга кўра, 2023 йилнинг 1 январь ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат ташқи қарзи 29,2 миллиард АҚШ долларини ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, анжуманда жорий йилги режаларга аҳамият қаратилди. Жумладан, 2023 йилда тижорат банкларига ипотека кредитлари учун 9 триллион сўм ресурслар ажратилиши ҳамда 1,1 триллион сўм ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлаб берилиши кўзда тутилган. 2023 йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари ижроси 48,5 триллион сўмни ташкил этиши, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 6,7 триллион сўмга ёки 16 фоизга ошиши кутилмоқда.
– Қўшимча қиймат солиғининг 15 фоиздан 12 фоизга пасайиши жорий йилдаги асосий ўзгаришлардандир, – деди Д.Султонов. – Давлат бюджетининг 2023 йил 1-чорак харажатлари 62,2 триллион сўмни ташкил этмоқда. Шундан 29,3 триллион сўми ижтимоий харажатларга йўналтирилади. Шу жумладан, “Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 1-мавсуми учун 1,5 триллион сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлиб, айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб лойиҳанинг 3-босқичига «овоз бериш» жараёни давом этмоқда. 2023 йилда бевосита фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 8 триллион сўм (2022 йилга нисбатан 3,5 баробарга кўп) маблағлар йўналтирилиши таъминланади. Бундан ташқари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида илгари сурилган лойиҳалар учун 4 триллион сўм маблағ жамоатчилик фикри асосида ҳудудий-ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА