Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди ташаббусига асосан Янгиҳаёт туманида яшовчи фуқаролар иштирокида “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва оиладаги зўравонликдан жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш” шиори остида семинар ташкил қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.
Учрашувда сўзга чиққан Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат Эргашев Конституцияда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлигини, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги қонун билан кафолатланганини таъкидлаб, бутун дунё ҳамжамиятида хотин-қизларнинг камситилиши, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш юзасидан бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганига тўхталиб ўтди ва ҳимоя ордери ҳақида тўлиқ маълумот берди...
— БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда “Хотин-қизлар ҳуқуқларини камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида” Конвенцияси ушбу хужжатларнинг илк кўриниши ҳисобланади.
Жумладан, мамлакатимизда ҳам 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизларларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинган.
“Зўравонлик нима ўзи?” Зўравонлик тушунчасига таъриф берадиган бўлсак, зўравонлик бу — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик) тушунилади.
Хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик) руҳий зўровонлик ҳисобланса, хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик жисмоний зўравонлик ҳисобланади.
Тазйиқ деганда эса, содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик тушунилади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.
Бугунги кунда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишли ҳақлидирлар.
Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжатдир.
Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.
Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.
Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин. Ҳимоя ордерини бериш, узайтириш ёки ҳимоя ордерини беришни ёхуд узайтиришни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат уни берган ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.
Ҳимоя ордерининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
Ҳимоя ордерида тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);
тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклатиш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш каби чекловлар назарда тутилиши мумкин.
Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, 2020 йил давомида жами бўлиб, 14.774 нафар аёлга ҳимоя ордери берилган бўлса, 2021 йил 4 ойи давомида 14.165 нафар аёлга ҳимоя ордери берилган.