Самарқанд вилояти маъмурий суди раиси Т.Файзиев халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида бу ҳақда маълум қилди.
– Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланади – деди Т.Файзиев. – Афсуски, таҳлиллар ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилишда кўп ҳолларда қонун нормаларининг бузилишига йўл қўйилаётганини кўрсатмоқда. Самарқанд вилоят маъмурий судлари томонидан 2021 йилда жами кўриб чиқилган 1148 та маъмурий ишлардан 419 тасини ёки 36,4 фоизини ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ тоифадаги низолар ташкил қилган. Шундан, 114 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.
Жумладан, Пастдарғом туман ҳокимнинг 36 та, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 24 та, Самарқанд туман ҳокимининг 10 та, Булунғур тумани ҳокимининг 7 та, Ургут, Тойлоқ, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимларининг 5 тадан қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланди.
Ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 16 тага ошган.
Туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилишда қонун талабларига етарли даражада риоя этилмаганлиги сабабли судлар томонидан ҳокимликларига нисбатан 33 та хусусий ажрим чиқарилган.
Вилоят маъмурий суди раиси бундай ҳолатларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни ҳам санаб ўтди.
– Биринчидан, суд амалиёти туман (шаҳар) ҳокимлари қарорларининг қонун ҳужжатларига ҳар доим ҳам мос келмаётганлигини, яъни уларнинг ҳаракатларида Ер кодекси ва “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун нормалари бузилаётганлигини кўрсатмоқда, – деди Т.Файзиев. – Иккинчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмат ходимларининг масъулияти ва роли ҳам талаб даражасида эмас, улар томонидан тайёрланган қарор лойиҳаларини ҳар доим ҳам қонун талабларига жавоб беради деб бўлмайди.
Учинчидан, амалдаги Ер кодекси талабига мувофиқ, ер участкаларини ижарага олиш шартномалари тарафларнинг келишувига асосан ёки суд томонидан бекор қилинмасдан туриб, ер майдонларини туман захира ерлари ҳисобига қайтариш тўғрисида ҳокимлик томонидан қарорлар қабул қилинишига йўл қўйилган.
Тўртинчидан, ердан фойдаланувчиларнинг ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилиниши ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаганлиги ва қарор нусхаларининг манфаатдор шахсларга тақдим этилмаслиги ёки кеч тақдим қилиниши ҳолатлари ҳам уларнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқармоқда.
Бешинчидан, ҳокимлар томонидан ер майдонлари, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг тақдимномасига асосан ер майдонинин олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритилмасдан, қарор қабул қилган ҳолда олиб қўйилмоқда.
Олтинчидан, ҳокимлар томонидан эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкалари бошқа шахсларга шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилмасдан ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмасдан бериб юборилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА