“200 нафар дастурчи қиз” лойиҳасига старт берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева иштирокида брифинг ўтказилди.
Маълумотларга кўра, жорий йил май-июнь ойларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “INNOWOMENWEEK” – ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиклари ўтказилди. Ҳафталик доирасида турли форум, танлов, семинар-тренинглар ташкил қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Аструм АТ Академияси, AҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида хотин-қизларни IT соҳасига ўқитишга йўналтирилган “200 нафар дастурчи қиз” лойиҳасига старт берилди. Лойиҳа доирасида 200 нафар хотин-қиз 6 ой давомида АКТга ўқитилади ва тадбиркорликка йўналтирилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзбекистон ихтирочи аёллари маркази” ННТнинг таклифлари асосида нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида “Олима аёллар жамияти” ва унинг ҳудудий бўлинмалари тузилиши кутилмоқда.
Шунингдек, мутахассиснинг сўзларига кўра, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Узун туманида “Оналар яшил макон учун” акцияси ўтказилди.
Акция доирасида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг хонадонлари ерларига Сурхондарё вилояти Ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан етказиб берилган лаванда ва шафрон кўчатлари ҳамда мевали дарахтлар экилди.
Қайд этилишича, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумига кўра, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда хотин-қизлар илмий фаолият соҳасига кенг жалб этилади.
Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишга иқтидори бўлган хотин-қизлар аниқланади. Уларга ижодий, интеллектуал ва ихтирочилик қобилиятларини рўёбга чиқаришга ҳамда стартап лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА